Cурия жангарлари сафига қўшилган Андижонлик йигит қидирувга берилди
Андижон вилоятида суриялик террорчилар сафига қўшилган йигит қидирувга берилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар беради.
Аниқлик киритилишича, Андижон вилоятида туғилган 26 ёшли Иброҳим Мухиддинов 2018 йилда Туркияга ишлаш учун кетган. У ерда йигит экстремист ёлловчилар таъсирига тушиб қолган.
2019 йилда Мухиддинов Сурияга кўчиб ўтиб у ерда «Таухид валь-Джихад Катибаси» террорчилик ташкилотига қўшилган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 155 (терроризм), 155-2 (террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида тайёргарлик кўриш) ва 244-2 (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки тақиқланган бошқа ташкилотлар тузиш, уларда қатнашиш ва раҳбарлик қилиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.