Ўзбекистонда Гул етиштирувчилар уюшмаси ташкил этилди
Тошкент ва Наманган шаҳарларида йирик улгуржи гул бозори ташкил этилади. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.
Хабарга кўра, Андижон вилоятининг Андижон, Избоскан ва Олтинкўл туманлари, Наманган вилоятининг Наманган ва Давлатобод туманлари ҳамда Жиззах вилоятининг Зомин ва Ғаллаорол туманлари гулчиликка ихтисослаштирилади.
Шунингдек, малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳамда унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 20 миллиард сўм ажратилади.
Қайд этилишича, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида ажратилган маблағларнинг камида 10 фоизи гулчилик лойиҳаларини ташкил қилиш учун ажратилади.
Таъкидланишича, гулчилик соҳасида олий маълумотли кадрларни тайёрлаш мақсадида:
- 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ОТМларида Гулчилик магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади;
- 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб Манзарали боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш бакалавриат таълим йўналишининг ўқув режасига гулчиликка оид мутахассислик фанлари киритилади ва уларнинг ўқув соатлари оширилади.
Бундан ташқари, гул экспорти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг гул кўчатлари, уруғлари, пиёзлари ва пайвандтаглари импорти учун сарфлаган транспорт харажатларининг 50 фоизи Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қопланади.