АҚШда ҳарбий самолёт яна қулаб тушди
АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг самолёти 12 февраль куни Сан-Диэго кўрфазига қулаб тушди. Бу ҳақда Fox News хабар берди.
Авиаҳалокат North-Iseland ҳарбий авиабазаси яқинида юз берган. Самолёт бортида икки киши бўлган. Уларни балиқ овлаш кемаси қутқариб қолган. Ҳозирда учувчилар касалхонада. Уларни H&М Landing балиқ овлаш компанияси вакиллари қутқарган ва самолётда «механик носозлик» кузатилганини айтган.
Тахминан соат 10:15 атрофида иккала учувчи самолётларидан механик носозлик туфайли катапульт қилинди. Бир неча сониядан сўнг самолёт кўрфазга қулаб тушди. Яқин атрофда бўлган Premier кемаси тезда вазиятга жавоб берди, дейилади компания хабарида.
Ҳарбий-денгиз кучлари вакилига кўра, авиаҳалокатдан олдин авария сигнали юборилгани ҳозирча аниқ эмас. Самолёт қолдиқлари сувда қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШда ҳарбий вертолёт ва йўловчи самолёти тўқнашган эди.