Вашингтонда вертолёт ва йўловчи самолёти ҳавода тўқнашди

Вашингтонда Sikorsky H-60 (Black Hawk) ҳарбий вертолёти ва йўловчи самолёти тўқнашди. Бу ҳақда АҚШ Фуқаро авиацияси федерал бошқармаси (FAA) хабар берди.

Самолёт American Airlines авиакомпаниясининг 5342-рейсини Канзас штатининг Уичита шаҳридан Вашингтонга амалга оширган. У Bombardier CРJ700 реактив самолёти ҳисобланади. Бортда 60 нафар йўловчи, 4 нафар экипаж аъзоси бўлгани айтилмоқда. Транспортда хавфсизлик бўйича миллий кенгаш FAA билан ҳамкорликда текширув ўтказмоқда.

Оқ уй матбуот котиби Каролин Левиттнинг таъкидлашича, президент Дональд Трампга ҳодиса ҳақида хабар берилган. Ҳозирда қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида расмий маълумот йўқ.

Биз ҳозирча бортда қанча одам ҳалок бўлганини билмасак-да, қурбонлар борлигини биламиз, дейди Техас штати сенатори Тед Круз.

Қутқарувчилар Вашингтондаги Рейган аэропорти яқинидаги Потомак дарёсида тўқнашган самолёт ва вертолёт бортида бўлган одамларни қидирмоқда.

Бугун кечқурун Рейган аэропорти яқинидаги тўқнашувда иштирок этганлар учун ибодатда бўлинг. Вазиятни кузатиб боряпмиз, лекин ҳозирча яхшиликка умид қиламиз, дейди Вице-президент ЖД Вансе.

Жаҳон