Шавкат Мирзиёев Олмалиқдаги янги мис бойитиш фабрикасининг биринчи навбатини ишга туширди
Президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикасини ишга тушириш маросимида иштирок этди.

«Ёшлик-1» конини ўзлаштириш дастури доирасида 196 гектар майдонда амалга оширилаётган қиймати 2 миллиард 700 миллион долларлик ушбу лойиҳа шунчаки корхона эмас, балки мамлакатимиз саноат қудратини янада мустаҳкамлайдиган, табиий бойликларимизни чуқур қайта ишлашга хизмат қиладиган замонавий индустриал мажмуа ҳисобланади.
Фабрика йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаб, 900 минг тоннага яқин мис концентрати ишлаб чиқариш қуввати билан нафақат Марказий Осиёдаги энг йирик мис ишлаб чиқарувчи мажмуалардан бири, балки дунёдаги йирик бойитиш фабрикалари сирасига киради.
Кимки мис саноатида юқори қиймат занжирини яратса, келажак саноатини барпо этган бўлади. Қайси давлат бу хомашёни чуқур қайта ишлаш учун кучли инфратузилма яратса, у минглаб оилаларга даромад, ҳудудларга тараққиёт, мамлакатга қудрат олиб келади. Шу боис, биз ислоҳотларимизнинг илк кунларидан геология-қидирув ишларига алоҳида эътибор қаратиб, мавжуд захиралар ва уларни ишга солиш бўйича имкониятларимизни белгилаб олдик, — деди давлат раҳбари.

Таъкидланишича, 3-мис бойитиш фабрикаси тўлиқ ишга тушганидан кейин Олмалиқ комбинатида мис концентратининг кунлик ҳажми ҳозирги 2 минг 400 тоннадан 5 минг тоннага ошади. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида 6 мингдан зиёд ёшлар юқори даромадли иш жойига эга бўлади.
Шунингдек, фабрикада АҚШ, Германия, Россия, Хитой ва Финляндиянинг тоғ-кон саноатидаги энг илғор технологиялари жорий қилинмоқда. Барча технологик жараёнлар рақамлаштирилиб, сунъий интеллект асосида ягона бошқарув тизимига уланади. Буларнинг ҳисобига энергия сарфи 10%, таннарх 15% камаяди, меҳнат унумдорлиги эса 10% ошади.
Бундан ташқари, қиймати $2,5 млрд янги мис эритиш заводини барпо этиш бўйича ишлар ҳам бошлангани билдирилди. Умуман, ушбу 2 та йирик қувват ҳисобига мис катоди ишлаб чиқариш йиллик ҳажми 148,5 минг тоннадан 300 минг тоннага, олтин 20 тоннадан 33 тоннага, кумуш 161 тоннадан 203 тоннага, молибден 850 тоннадан 1,7 минг тоннага етиши таъкидланди. Шу билан бирга, уран қазиб олиш ва кимё саноати учун зарур хомашё бўлган сульфат кислотасини ишлаб чиқариш 3 карра ошади.
Президент бу кўрсаткичларни яна 1,5 карра оширишга хизмат қиладиган 4-мисни бойитиш фабрикаси бўйича лойиҳаолди ишлар жадал кетаётганини таъкидлади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон 2030 йилга қадар ишлаб чиқаришни олтинда 175 тоннага, кумушда 500 тоннага, уранда 15 минг тоннага, мисда 500 минг тоннага етказишни мақсад қилган. Бу борада амалга оширилаётган 22 миллиард долларлик лойиҳалар доирасида яратиладиган 40 мингга яқин юқори даромадли иш ўринлари ёшларимиз учун катта имконият бўлади.
Давлат раҳбари фабрикани қуришда фаол иштирок этаётган барча ишчи-ходимлар, қурувчи ва машинистлар, муҳандис ва технологлар, геолог ва кончилар, ўзининг тажрибаси ва касбий салоҳияти билан ёшларга устозлик қилаётган фахрийлар, лойиҳага ўз ҳиссасини қўшаётган хорижий ҳамкорларга чуқур миннатдорчилик билдирди.
Комбинат ишчилари, меҳнат фахрийлари, профессор-ўқитувчилар билан мулоқот бўлди. Маросим якунида давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, фабрика фаолиятига старт берди.





