Шавкат Мирзиёев янги Замонавий санъат марказига ташриф буюрди
Ушбу марказ Ўзбекистонда замонавий санъатга ихтисослашган биринчи давлат муассасасидир

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги янги Замонавий санъат марказига ташриф буюриб, яратилган шароитлар билан танишди.
Қайд этилишича, замонавий санъат маркази – Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг етакчи лойиҳаларидан бири. Унинг барпо этилиши давлатимиз раҳбарининг ташаббуси, мамлакатимизда маданиятни ривожлантириш, ижодий муҳитни қўллаб-қувватлаш ва халқаро маданий ҳамкорликни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасидир.
Давлат раҳбари халқнинг бой маданий мероси ва шонли тарихи бутун дунёда ҳақли равишда катта қизиқиш уйғотишини қайд этди. Сўнгги йилларда юртимизда ушбу бебаҳо бойликни тиклаш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Ушбу марказ Ўзбекистонда замонавий санъатга ихтисослашган биринчи давлат муассасасидир. Шу билан бирга, у Марказий Осиёда кўргазма, таълим, тадқиқот ва маърифий фаолиятни бирлаштирган бундай кўламдаги илк маданий мажмуа ҳисобланади.
Янги марказ 1912 йилда меъмор Вильгельм Гейнцельман лойиҳаси асосида барпо этилган тарихий бинода жойлашган. Дастлаб бу ерда трамвай депоси бўлган, кейинчалик бинодан дизель электр станцияси сифатида фойдаланилган.
Бинони реставрация қилиш бўйича меъморий концепция Франциянинг «Studio KO» бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Янгилаш жараёнида объектнинг тарихий қиёфаси ва саноат меъморчилигига хос хусусиятлари сақлаб қолинди. Айни пайтда бино замонавий маданий маскан талабларига мослаштирилди.

Президент кўргазма ва таълим майдонлари, жамоат ҳудудларини кўздан кечирди. Мажмуада учрашувлар ва оммавий дастурлар учун майдонлар, концепт-дўкон ҳамда ресторан ташкил этилган. Кенг жамоатчилик учун очиқ ихтисослаштирилган кутубхона ва тадқиқот архивида санъат, визуал маданият ва танқидий назарияга оид адабиётлар ҳамда материаллар жамланган.
Давлат раҳбарига марказнинг келгусидаги кўргазма, таълим ва тадқиқот дастурлари ҳақида маълумот берилди. Янги маскан профессионал муҳитни ривожлантириш, ўзбекистонлик ижодкорларини халқаро майдонда кенг танитиш ва юртимизнинг хорижий давлатлар билан маданий алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Президент марказни ижодкор ёшлар, профессионал ҳамжамият ва кенг жамоатчилик учун очиқ, жонли ижодий маконга айлантириш зарурлигини таъкидлади. Халқаро алоқаларни кенгайтириш, юртимизга замонавий санъатнинг таниқли намояндаларини жалб этиш ҳамда маҳаллий ижодкорларнинг янги лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Лойиҳа маданий дипломатияни мустаҳкамлаш, пойтахтнинг замонавий қиёфасини шакллантириш ҳамда Янги Ўзбекистонни бой меросга эга, шу билан бирга, замонавий ғоялар, ижодий изланишлар ва халқаро мулоқотга очиқ мамлакат сифатида янада кенг намоён этишга хизмат қилади.
Марказнинг расмий очилиши 6 сентябрга режалаштирилган.





