Бухорода газ муаммоси сабаб аҳоли норозилик намойиши уюштирди — видео

Ижтимоий тармоқларда «Бухорода газ йўқлигидан норози аҳоли машина йўлини тўсиб қўйиб, катта кўчаларга чиқиб кетаётганлиги айтилмоқда» деган изоҳ остидаги видеоматериаллар тарқалмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро тумани ҳокимлиги ахборот хизмати маълумот берди.

Ўрганишлар жараёнида видеоматериал Бухоро туманидаги Работипоён маҳалла фуқаролар йиғинида тасвирга олинганлиги маълум бўлган. Аниқланишича, 949 та хонадонда 5 минг 610 нафар киши истиқомат қилаётган Работипоён маҳалла фуқаролар йиғинида айни пайтда табиий газ босими пасайган. Мутахассислар буни об-ҳавонинг кескин тушиб кетиши натижасида газ истеъмоли кўпайиши ва оқибатда ҳудуд аҳолисининг аксарият хонадонларида табиий газ босимида муаммолар пайдо бўлганлиги билан изоҳлашмоқда.

Шунингдек, дастлабки ўрганишлар жараёнида маҳалладаги газ маромлаш пунктининг соз ҳолатда эканлиги айтилмоқда. Ҳозирда газ босими билан боғлиқ муаммони бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Бу борада батафсил ахборот берилиши маълум қилинди.

Аввалроқ Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги «Enter Engineering Pte.Ltd.» компанияси 3 ойдан бери ойлик маоши бермаётгани сабабли ишчилар норозилик намойиши уюштиргани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик компания Меҳнат кодекси талабларини қўпол равишда бузгани, завод ишчилари 3–4 ойлаб маош олмагани рад этилгани ҳамда намойиш 480 миллион сўмлик зарар келтиргани маълум қилинган. Шундан сўнг, Касаба уюшмалари федерацияси Қашқадарёдаги компанияда содир бўлган норозилик намойиши бўйича хулосаларини тақдим этган эди.

Янгиликлар