Касаба уюшмалари федерацияси Қашқадарёдаги компанияда содир бўлган норозилик намойиши бўйича хулосаларини тақдим этди
Касаба уюшмалари федерацияси Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги «Enter Engineering» компаниясида содир бўлган норозилик намойиши бўйича ўз хулосларини маълум қилди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.
Хабарга кўра, Тошкент шаҳрида 9 ноябрь, душанба куни Касаба уюшмалари федерациясининг 2016–2020 йиллардаги фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтган. Анжуманда федерация раиси ўринбосари Қобил Қирғизалиев 2020 йил 21 октябрь куни Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги «Enter Engineering» заводида юз берган оммавий тартибсизлик ҳақида ҳам фикр билдирган.
Қайд этилишича, раис ўринбосари ташкилот томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, воқеа жойига борилгани ва уч кун давомида тартибсизлик сабаблари ўрганилганини таъкидлаган. Ўрганиш давомида жанжал келиб чиқишининг бир нечта сабаблари аниқланган.
«2016 йилда Қашқадарёда йирик кимё комплексини қуриш бўйича қарор қабул қилинган. Маълум сабаблар билан қурилиш дастлабки йилларда сал сустроқ кечган. Кейинги 1 йилдан ошиқ вақт давомида жуда катта қурилиш-монтаж ишлари бажариляпти. Умумий олганда, қурилишда 17 мингдан ошиқроқ одам ишлаши керак. Ҳозирда 13 минг 500 нафардан ортиқ ишчи ишлаяпти. Ишчиларнинг 10 мингдан кўпроғи маҳаллий ишчи-ходимлар, қолганлари хорижлик қурувчилар.
Воқеа бўлганидан кейин биз катта гуруҳ туздик-да, ўша жойга етиб бордик. 14 та саволдан иборат анкета тузиб, 3 кун давомида 1500 га яқин ишчи билан мулоқот ўтказдик. Тўлдирилган анкеталарнинг ҳаммаси бор. Муаммо ва камчиликларни аниқлашга ҳаракат қилдик», — дея таъкидлаган федерация раиси ўринбосари.
Қирғизиев тўполоннинг асосий сабаби дея карантин шароитида ишлаш режими ўзгарганини таъкидлаган.
«Энг катта муаммо – у ерда ходимлар илгари 22 кун ишлаб, 8 кун дам олиш режимида ишлаган. Лекин пандемия туфайли ўша режим бузилган. Улар ишда 60—70 кун қолиб кетишган. Тасаввур қилинг, иш жойининг атрофи ўралган. Ҳеч қаерга чиқиш мумкин эмас. Тўртта пост бор. Ҳеч кимни киргизмайди ҳам, чиқармайди ҳам.
Ишчи-ходимларни автобусда олиб киради – ʼпропускной режимʼ. Яшаш учун 13 минг 400 кишилик шаҳарча қурилган. У ерда ҳам тўртта пост бор. Кириш-чиқиш мумкин эмас. Лекин ичида барча шароитлар яратилган. Автобус яшаш жойидан ишга, ишдан яшаш жойига олиб боради. 60-70 кун давомида одамлар шу шароитда яшашган. Иложи йўқ, ҳаммага келган тўй. Ўша ерда қолиб кетишган.
Бундан ташқари, 14 кунлик карантин жорий қилинган бўлиб, улар ҳам шунча вақт карантинда сақланган», — деган федерация расмийси.
Шунингдек, раис ўринбосари компания ишчи-ходимлар соғлиғини муҳофаза қилиш учун сарфлаган маблағ ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.
«Компания ишчи-ходимлар соғлиғини муҳофаза қилиш учун 5 миллиард сўм сарфлаган: ишчиларга тест топшириш учун шароит яратилган; енгил шаклдаги касаллар ўша ерда, оғирроқлари шифохонага олиб борилиб, компания ҳисобидан даволанган. Яшаш жойида ҳам, иш жойида ҳам катта поликлиника бор.
Уларга 130 га яқин автобус хизмат кўрсатади. Ётоқ жойидан ишга олиб боради. Баъзиларини тушликка ҳам ётоқ жойига олиб келади. Шунда 30 га яқин автобусни ичида шароит озгина оғирроқ. Масалан, кондиционер ишламайди ёки ўриндиқлар яроқсиз ҳолга келиб қолган ва ҳоказолар. Бу ҳам уларнинг руҳиятига таъсир қилган.
Учинчидан, 10та овқатланиш корпуси – ошхоналар бор. Буларга моноблок деган нарса ўрнатилган экан. Бунда карта берилади. Ишчи келади. Моноблокка қўяди. У ердан чек олинади. Чекни олиб бориб ошпазга узатилади. Кейин у овқатини беради.
Тасаввур қилинг, мингта одам овқатга навбатда турибди. Ҳар биттасини қўлида моноблок. Шу нарса одамлар 30-50 дақиқагача навбатда қолиб кетишига олиб келган. Эрталабдан бетон қуйган инсон 50 дақиқагача қорни оч қолиб кетса, бу, албатта, унинг руҳиятига салбий таъсир қилади», – дея таъкидлаган Касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари.
Бундан ташқари, Қирғизалиев тартибсизликнинг сабабларидан яна бири жамоа ичидаги муҳит яхши эмаслиги ҳақида ҳам тўхталган:
«Яна бир асосий сабаби – инженер-техник ходимлар билан ишчилар ўртасидаги ўзаро муносабат ҳам етарли даражада ижобий ташкил этилмаган. Жанжал юз берган куни эрталаб соат 7:30 да 500–600 нафар ишчи овқатлангани келган. Моноблок бузилиб қолган. Навбат узоқ чўзилган ва шу сабр косаси тўлишига охирги томчи бўлган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бу масала билан шуғулланишяпти. Ким шунга даъват этганини аниқлаш ишлари кетмоқда. Буни аниқлаш шарт.
Қонунда белгиланган тартибда ўзининг эътирозини айтиш керак эди. Биз бориб кўзимиз билан кўрдик: 7–8 та ошхона ичидаги ҳамма нарсани пачоқлаб ташлашган; компьютерларни, совутадиган жиҳозлар, ҳаттоки ўзларига тиббий ёрдам кўрсатадиган тиббиёт пунктини ҳам деразаларини синдириб ичкарига киришган. Ҳамма буюмларни дабдала қилишган. Иш бу даражага етишига сабаб бўлган қанақадир даъватчилар бўлган.
Биз ўша ошхонанинг овқатидан еб кўрдик. Бунақа овқатни уйда ҳам кўпчилик одамлар емайди. Биринчи, иккинчи овқатлар ва ҳоказолар бор. Тўполондан кейин яна ош ҳам қўшиб берилди. Овқатдан нолийдиган жойи йўқ.
Кейингиси, иш ҳақи. Бориб ҳужжатларни кўриб чиқдик. Ҳозир меҳнат вазирлиги буни ипидан игнасигача текширяпти. Сентябрь ойининг иш ҳақи ҳам бериб бўлинган экан. Иш ҳақи ёки овқатдан норозилик йўқ уларда.
Биз ўзимиз қилган иш ҳақида икки оғиз гапирсам. Биринчи навбатда 20та янги автобус олдириб, эртасига олиб бориб қўйдик ўша заводга. Моноблокни бекор қилдик. 22 кун иш, 8 кун дам олиш режимига қайтди. Ишчилар яшаш жойида бир ҳафта – ўн кунда савдо комплекси қуриладиган бўлди. Спорт билан шуғулланиш учун қўшимча зал ҳам қилинадиган бўлди.
У ерда ишлаётган 10 мингдан ортиқ одамнинг 4-5 мингтаси касаба уюшмалари аъзоси экан. Ўша ернинг ўзида завод касаба уюшмасини ҳам туздик. Ҳозир фаолият олиб боряпти. Мулоқотдамиз. Вазият яхши. Одамлар ишлаяпти, меҳнатини қиляпти. Шароитдан рози».
Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 173-моддаси (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми «в» банди ва 277-моддаси (Безорилик) 2-қисми «б», «в», «э» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги «Enter Engineering Pte.Ltd.» компанияси 3 ойдан бери ойлик маоши бермаётгани сабабли ишчилар норозилик намойиши уюштиргани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик компания Меҳнат кодекси талабларини қўпол равишда бузгани, завод ишчилари 3–4 ойлаб маош олмагани рад этилгани ҳамда намойиш 480 миллион сўмлик зарар келтиргани маълум қилинган.