Шавкат Мирзиёев 42 та энергетика объекти ва 21 та янги лойиҳа қурилишига старт берди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 декабрь куни янги энергетика қувватлари ва инфратузилма объектларини ишга тушириш ҳамда навбатдагиларининг қурилишини бошлашга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.

Тадбирда Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий, Туркия Республикаси энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслон Байроқдор ва Озарбайжон Республикаси энергетика вазири Парвиз Шаҳбозов, Қирғиз Республикаси энергетика вазири Таалайбек Ибраев, шунингдек, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки ва бошқа молия институтлари, «ACWA Power» (Саудия Арабистони), «Aksa Enerji», «Cengiz Enerji (Туркия), «Masdar»(БАА), «China Energy», «Datang», «Sinoma», «Poly», «CNTIC», «Eagle Rise» (Хитой), «EDF», «Voltalia», «TotalEnergies» (Франция), «Siemens Energy» (Германия) ва «Nebras Power» (Қатар) вакиллари ҳам қатнашди.

Қайд этилишича, янги объектлар қарийб 11 миллиард долларлик 42 та энергия ишлаб чиқариш, сақлаш қувватлари ва бошқа инфратузилма иншоотлари бўлиб, мамлакатда амалга оширилаётган миллий энергетика тармоғи салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли стратегиянинг бир қисмидир.

Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида умумий қиймати 3,3 миллиард долларга тенг жами 3 минг 500 мегаваттли 16 та қуёш, шамол, иссиқлик ва гидро электростанциялари шулар жумласидан.

Натижада келгуси йилда «яшил» энергия ишлаб чиқариш ҳажми 23 миллиард киловатт-соатга етиши таъкидланди.

Бугун жадал суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимиз ва аҳолининг талаб ҳамда эҳтиёжидан келиб чиқиб, энергетика тизимида катта ислоҳотларни амалга оширяпмиз. Биз бу йўналишда иккита муҳим мақсадга эришишни асосий вазифа қилиб белгилаганмиз. Биринчиси – барча тармоқ ва ҳудудлар учун ишончли ва узлуксиз энергия таъминотини йўлга қўйиш. Иккинчиси эса ана шу режамизни замонавий, экологик тоза ва қайта тикланувчи муқобил манбалар ҳисобидан амалга оширишдир, – деди президент.

Бундан ташқари, келгуси йилда яна 65 мегаваттли кичик ва микро ГЭСлар барпо этилади. Ушбу лойиҳалар ҳисобига 80 мингта хонадонда электр таъминоти тубдан яхшиланади.

Шунингдек, яқинда Бразилияда ўтган COP-30 иқлим конференциясида мамлакатимиз ўз ташаббуси билан Париж битими доирасида муҳим мажбуриятни зиммасига олди: Ўзбекистонда 2035 йилгача зарарли газлар эмиссияси 50 фоизга қисқартирилиши мақсад қилинди.

Бу борада Жаҳон банки билан дунёда илк инновацион «iCRAFT» лойиҳаси ишга туширилди. Унинг доирасида Ўзбекистон томонидан камайтирилган 23 миллион тонна иссиқхона гази ҳисобга олинди. Халқаро даражада углерод бирликлари савдоси йўлга қўйилди.

Биз бугун ишга тушираётган барча лойиҳалар иқтисодий ўсишни таъминлаб, келажак авлодларимиз учун янги имкониятлар эшигини очади. Бундай жадал ҳаракатларимиз ва ташаббусларимиз билан биз янгича моделдаги замонавий энергетика тизимини албатта тўлиқ барпо этамиз, – дея таъкидлади давлат раҳбари.

Тадбир якунида Ўзбекистон президенти рамзий дастакни босиб, 42 та энергетика объектининг ишга туширилиши ҳамда навбатдаги 21 тасининг қурилиши бошланишига старт берди.

Янгиликлар