Тошкент вилояти прокуратура девонхона нозири $9 минг пора билан ушланди

Тошкент вилояти прокуратурасининг девонхона нозири катта миқдорда пора билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.

Хусусан, ушбу мансабдор Ўртачирчиқ туманидаги якка тартибдаги тадбиркорга тегишли савдо дўконида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати бўйича аниқланган 276 млн сўмлик жаримани ваколатли танишлари орқали бартараф этиб бериш ва унга нисбатан чора кўрилмаслигини таъминлаш эвазига 9 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Шунингдек, девонхона нозири ҳозирда Наманган шаҳридаги нуфузли олийгоҳда ўқиётганлиги боис, талаб этилган пулни шу жойга олиб келиб беришни сўраган. Натижада, ўтказилган тезкор тадбирда у 9 минг АҚШ долларини Наманган вилоятида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.

Ҳолат юзасидан Наманган вилояти прокуратураси томонидан ушбу шахс ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «в» банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, девонхона нозирига нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ўзбекистон