Булоқбошида 2 нафар вояга етмаган бола ЙТҲ оқибатида вафот этди
Aндижон вилояти Булоқбоши туманида «Volvo» автомобили бошқарувни йўқотиб, 2 нафар вояга етмаган болани уриб юборган. Бу ҳақда давлат йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 28 cентябрь, душанба куни соат 17:20 ларда Булоқбоши тумани «Саноат» маҳалласининг Газстрой кўчасида ҳайдовчи 1992 йилда туғилган Ш.Л. «Volvo» юк транспорт воситасида «Aндижон—Булоқбоши» йўналишида ҳаракатланаётиб, бошқарувни йўқотган. Оқибатда ҳайдовчи йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетиб, йўл четидаги яшаш хонадонига урилиб, уйнинг атрофида ўйнаб юрган вояга етмаган Қ.Н. ва Б.A.ларни уриб юборган.
Натижада 28 ёшли ҳайдовчи Ш.Л. воқеа жойида, пиёдалар Қ.Н. ва Б.A.лар эса шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Булоқбоши тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Aввалроқ Янгиқўрғонда юк машинаси босиб кетган 12 ёшли бола воқеа жойида вафот этгани ҳақида хабар берилганди.