Чортоқ шаҳрига 700 диаметрлик қувурларда тоза ичимлик суви тортилади
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов 5 октябрь, душанба куни Чортоқ туманидаги инвестицион, инфратузилма лойиҳалари билан танишди, деб хабар бермоқда Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Жахон банкининг ўрта тоифадаги шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастури асосида Чортоқ туманида 40 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилади. Бунинг натижасида Чортоқ шаҳрига Арбағиш қишлоғидан 29 километр масофадан 700 диаметрлик қувурларда тоза ичимлик суви тортилади.
Шунингдек, Чортоқ шаҳридаги мавжуд 58 километрли тоза ичимлик суви тармоғи янгиланади. Чортоқсой ёқасида пиёдалар, велосипед, отда юриш йўлакчалари ташкил этилади. Чортоқ бозори тубдан янги қурилади. «Фурқат» истироҳат боғи эса замонавий кўринишга келтирилади ва Чортоқсой учун бир нечта замонавий кўприклар қурилади.
Ҳокимлик матбуот хизматининг таъкидлашича, ҳозирда 229 та маҳаллий ва хорижий инвестиция лойиҳалар амалга оширилиш жараёнида 80 дан ортиқ лойиҳалар тўла ишга тушган. Хусусан, лойиҳа қиймати 20 миллион доллардан ортиқ маблағни ташкил этувчи «Chortoq resorts Chortoq renessans» санаторийлари қурилиши якунланмоқда.
«Уммон султонлиги ва Хиндистонлик инвесторларнинг 25 миллион доллар сармоялари эвазига яна иккита саноторий ва виллалар мажмуаси қурилиши учун ерлар ажратилган. Уларнинг техник иктисодий асослари ишлаб чиқилмоқда», дейилади хабарда.
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов тумандаги ўрганишлари давомида Ойқирон кичик саноат зонаси ва бошка хорижий инвестициялар асосида лойихаларни тезлаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқ берган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Наманган шаҳрида 25 нафар ходимни иш билан таъминлайдиган хусусий мактаб қурилиши ҳақида хабар берилганди.