Энергетика вазири Наманганда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишди
Энергетика вазири Aлишер Султонов Наманган вилоятида электр энергиясини куз-қиш мавсумида аҳолига етказиб бериш бўйича бажарилган ишлар билан танишди. Бу ҳақда «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ташриф давомида «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» AЖ томонидан амалга оширилаётган бир қатор лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтган.
Тақдимот давомида корхона қошида ташкил этилган темир-бетон таянч маҳсулотларини ишлаб чиқариш заводи фаолияти билан танишилган. Заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 18 000 дона темир-бетон таянч маҳсулотларини ташкил этиши натижасида «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» AЖ томонидан йилига 5 миллиард сўм маблағ иқтисод қилиниши қайд қилинган.
Шунингдек, нимстанциялар, трансформаторлар, тармоқларнинг ҳолати ҳамда куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича амалга оширилган таъмирлаш ишлари қай даражада олиб борилгани юзасидан махсус штаб томонидан ўрганиш олиб борилаётгани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aндижонда 2020 йил якунига қадар 350 дона трансформатор пункти қурилиши ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Самарқанднинг 3 та ҳудудидаги 5 та трансформатор таъмирлаш ишларидан сўнг ишга туширилгани маълум қилинди.