Хивада Ўзбекистон ва хорижий ижодкорлар иштирокида форум ўтказилмоқда
«Ойдин гурунглар — 2026» форуми доирасида беш мамлакат театр жамоаларининг спектакллари, адабий суҳбатлар ва кўргазмалар ўтказилмоқда
Тошкентда очилган «Ойдин гурунглар — 2026» халқаро ижодий форуми 22 октябрдан Хива шаҳридаги «Арда Хива» мажмуасида давом этмоқда. Тадбир 25 октябрга қадар бўлиб ўтади.
Форум театр, адабиёт, мусиқа, тасвирий санъат ва ҳунармандчилик йўналишларини бирлаштирган. Унда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистондан келган ижодкорлар, театр жамоалари ва соҳа вакиллари қатнашмоқда.
Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Давлетов форумнинг Хивада ўтказилаётгани алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, қадимий Хоразм заминида турли мамлакатлар ижодкорларининг учрашиши тарихий анъаналарнинг давомидир.
«Ишонаманки, мазкур халқаро форум турли маданият вакиллари ва истеъдод эгалари ўртасида мустаҳкам дўстлик кўприкларини қуриш, тажриба алмашиш ва янги ижодий лойиҳаларга туртки берадиган майдонга айланади», — деди Анвар Давлетов.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид эса форумни адабиёт ва санъат байрами деб атади. У тадбир доирасида устоз ижодкорлар билан суҳбатлар, мушоиралар, театр намойишлари ва рассомлар ижоди билан танишиш имконияти яратилганини қайд этди.
Форум дастуридан Усмон Азим, Эркин Аъзам, Зебо Мирзо, Ғайрат Мажид ва Фарида Афруз иштирокидаги адабий суҳбатлар ҳамда маҳорат дарслари ўрин олган. Шунингдек, рассом Баҳодир Жалоловнинг маҳорат дарси, Файзулла Аҳмадалиев билан учрашув ва Мадамин Худойберганов асарлари кўргазмаси ташкил этилган.
Театр йўналишида Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар жамоаларининг спектакллари намойиш этилмоқда. Дастурда либослар намойиши, ҳунармандлар билан амалий машғулотлар ва Хоразм ёш рассомлари картиналари асосидаги «Дарё» иммерсив кўргазмаси ҳам бор.
Форум доирасида китобхонликни ривожлантириш масаласига ҳам эътибор қаратилган. «Маҳалла кутубхонаси» лойиҳаси доирасида фаолият юритаётган кутубхоналар сони 140 тага етган. Уларнинг ҳар бирида ўртача мингдан ортиқ китоб мавжуд.
Шунингдек, иқтисодиёт ва молиявий саводхонликка оид хорижий асарларни ўзбек тилида нашр этиш мақсадида «Молиявий билимлар» тўплами тайёрланган. Ундан Адам Смитнинг «Халқлар бойлиги» ва Милтон Фридманнинг «Капитализм ва эркинлик» асарлари ҳам ўрин олган.
Форум иштирокчилари учун Хиванинг «Ичан қалъа» мажмуаси бўйлаб тарихий экскурсия ҳам ташкил этилган.




