Хоразмда ҳоким ўринбосари ва ИИБ ходимининг ноқонуний ов қилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилди
Тупроққалъа тумани ҳокимлиги Хоразмда ҳоким ўринбосари ва ИИБ ходимининг ноқонуний ов қилгани ҳақидаги хабарларга расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 2020 йил 16 октябрь куни тунги соат 02:00 ларда 9203-ҳарбий қисм чегара ходимлари билан вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари томонидан экологик назорат тадбири ўтказилган.
Тадбир давомида Тупроққалъа тумани «Тупроққалъа» маҳалласи ҳудудида 4 нафар фуқаро чегараолди ҳудудларида бўлиш режимини ҳамда ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузиб, ноқонуний ов қилган. Бир дона ёввойи тўнғизни овлаганликлари аниқланган. Шунингдек, улардан 6 та ов қуроли, 105 та ўқ-дори ва 4 та қармоқ ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
«Ўша куни тахминан тунги соат 02:30 ларда Тупроққалъа тумани ‘Тупроққалъа’ маҳалласидаги экин майдонларида шоли ҳосили йиғим теримини назорат қилиб юрган Тупроққалъа туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Шомуратов Шуҳрат ва Ички ишлар бошқармаси ходими чегара ходимлари ов қилиб юрган фуқароларни ушлаб турганлигини кўрган. Чегара ходимларига ёрдам бериш мақсадида борганларида 9203-сонли ҳарбий қисм чегара ходимлари уларни ҳам чегара постига олиб бориб, чегара зонасига кириш қоидасини бузганликлари ҳақида маъмурий баённома тузилиб суд жараёнига тегишли ҳужжатлар билан тақдим қилинган», дейилади туман ҳокимлиги муносабатида.
Шунингдек, Шуҳрат Шомуратов 19 октябрь куни ўз аризасига биноан эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани ҳам айтиб ўтилган.
Аввалроқ Хоразм вилояти чегараолди ҳудудида ов қилган ҳоким ўринбосари ва ИИБ масъули ушланган эди. Шундан сўнг улардан 6 та ов қуроли, 105 та ўқ-дори ва 4 та қармоқлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Шунингдек, Бухорода тақиқланган ҳудудда қуён овлаган браконьерлар қўлга олингани, Ўзбекистонда табиатга зарар етказганлик ҳақида хабар берган шахсларга пул мукофоти берилиши хабар қилинганди.