Ўзбекистонга 100 млн сўмлик синтетик ипни ноқонуний олиб кирмоқчи бўлганлар Наманганда ушланди
Ўзбекистонга 100 миллион сўмлик синтетик ип маҳсулотини ноқонуний олиб кирмоқчи бўлганлар Наманганда ушланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Наманган вилояти божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш ва аудит бўлими ҳамда «Наманган» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари вилоят корхоналаридан бирининг номига келтирилган импорт товарларини белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказган.
Натижада, юклар орасида йўл юк-кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, оғирлиги 8410 кг бўлган умумий қиймати 100 миллион сўмлик тикувчиликда фойдаланиладиган синтетик ип товарлари борлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Aввалроқ Наманганда 42 млрд сўмлик маҳсулотлар реализасия қилинмасдан омборларда сақланаётганлиги аниқлангани ҳақида хабар берилганди.