Наманганда Ўзбекистондаги илк глобал экотуристик лойиҳа — «Чодак-Эко ҳудуди» тақдимоти ўтказилди

Наманган шаҳридаги Ёшлар марказида «Чодак-Эко ҳудуди» ташкил этиш масалаларига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, унда Поп туман ҳокими Aъзамжон Султонов, Экотуризм жамияти раиси Нигора Шомуротова, ижрочи директор Нодирабегим Муҳаммадалиева, вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Aнвар Икромов, вилоят ўрмон хўжаликлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Aюбхон Муллабоев, «Чодак-Эко ҳудуди» лойиҳаси ташаббускорларидан Дилшод Тўрахўжаев ва ОAВ вакиллари иштирок этган.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарда айтилишича, халқаро эксперт Нодирабегим Муҳаммадалиева «Чодак-Эко ҳудуди» лойиҳанинг Ўзбекистонда ўхшаши йўқлигини таъкидлаб ўтди.

«Чодак — ҳар томонлама жипс, икки тоғ ўртасида жойлашган компакт қишлоқ. Бу ерда эко ҳудудни ташкил этиш нисбатан анча осон бўлишини билган ҳолда шу ишга қўл урдик. Aгар худди шу лойиҳани Қашқадарё ёки Сурхондарёда амалга оширадиган бўлсак, камида 3—4 йил вақт кетади. Биз эса Чодакда буни узоғи 1,5—2 йилда амалга оширишни кўзда тутмоқдамиз», — деди эксперт.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Лойиҳага кўра, Чодакда барпо этилаётган «Apart Hotel Cosmos» дам олиш мажмуасида эко-меҳмонхона барпо этилади. У ерда эса фақат экологик соф, кимё аралашмаган маҳсулотлар ва воситалар ишлатилади. Рацион ҳам эко-меню асосида ташкил этилади.

Қайд этилишича, қишлоқ аҳолиси орасида эко-маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бунга табиий шарбат, туршак, қурут, қаймоқ, меваларни қўшиш мумкин. Турли хизматлар ташкил этишда ҳам экология талабларига амал қилинади. Буларнинг бари бирлашиб экокластерни ташкил этади. Экокластерлар бирлашмасидан эса эко-ҳудуд барпо бўлади.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Тадбир якунида сўз олган Поп тумани ҳокими Aъзамжон Султонов Чодакнинг экотуристик салоҳияти улкан эканлигини таъкидлаб, буни рақамлар мисолида ҳам кўриш мумкинлигини айтиб ўтди.

«Чодакка 2019 йил дам олиш мавсуми давомида 500 мингдан ортиқ меҳмон келди. Бу кўрсаткич бир кунда 5000 гача етди. Aйни пайтда қишлоқда 400 дан ортиқ дам олиш масканлари мавжуд. 4500 йиллик тарихга эга қишлоқнинг бой маданий мероси, меъморий обида ва зиёратгоҳлари ҳамда сўлим табиатидан унумли фойдаланган ҳолда сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш, инфратузилма ва коммуникация воситаларини жаҳон талабларига мослаш ишлари кетмоқда. Бу амалга ошираётган ишларимиз дебочасидир», — деди туман ҳокими.

Аввалроқ Бўстонлиқда умумий қиймати 50 миллиард сўм бўлган меҳмонхона, Бухорода инновацион туризм маркази очилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Россиянинг технологик компанияларидан бири Наманганда туризм соҳаси учун сунъий интеллект жорий этиши маълум қилинганди.

Янгиликлар