Бўстонлиқда умумий қиймати 50 млрд сўм бўлган меҳмонхона очилди (фото)

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани «Оқтош» МФЙда «Heaven’s Garden Resort& SPA» меҳмонхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

«Бўстонлиқ туманидаги ‘Turon Resort SPA’ МЧЖга тегишли 300 ўринли ‘Heaven’s Garden Resort& SPA’ замонавий меҳмонхона мажмуасининг умумий қиймати 50 миллиард сўм бўлиб, шундан 32 миллиард сўми биринчи босқичда ўзлаштирилди ва натижада 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Ушбу маскан қисқа муддатда барпо этилиб, Тошкент вилоятидаги йирик меҳмонхоналардан ҳисобланади ҳамда сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилади», — деди у.

Азиз Абдуҳакимовнинг қўшимча қилишича, бу лойиҳа нафақат хорижий сайёҳлар, балки маҳаллий аҳоли учун ҳам мўлжалланган. Мазкур туристик масканнинг ишга тушиши натижасида бу ҳудудда кўп сонли маҳаллий аҳоли иш билан таъминланади.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Очилиш маросимида, шунингдек, Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Аҳмедов, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Сайфиддин Низомов ҳамда бошқа масъуллар қатнашди.

Маълум қилинишича, 2018 йили Оқтош ҳудудида ушбу туристик объектнинг қурилишига старт берилган. Бугунга келиб лойиҳанинг биринчи босқичи тугалланиб, фойдаланишга топширилди. Мажмуа икки ресторан, жаҳон стандартларига мос келувчи спа ҳамда сув ҳавзасини ўз ичига олган.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

«Turon Resort SPA» бош директори Саидазим Юнусхўжааевнинг сўзларига кўра, айни дамда лойиҳанинг иккинчи босқичини бошлашга оид ишлар олиб борилмоқда.

«Меҳмонхонамизнинг Оқтош ҳудудида жойлашганлиги бу ерга келувчи меҳмонларнинг саломатлиги учун фойдалидир. Нафас йўллари билан боғлиқ касалликлар ҳамда аллергия билан боғлиқ ҳолатларда Оқтош ҳавоси маъқул келади. Меҳмонхонада сайёҳларга йилнинг барча мавсумларида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Айни дамда лойиҳамизнинг биринчи босқичи якунланиб, иккинчи босқични бошлашга доир ишлар олиб борилмоқда. Иккинчи босқичда меҳмонхона ўринлари янада кенгайтирилади ва қўшимча ерларда виллалар барпо этилади», — деди Саидазим Юнусхўжаев.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Қайд этилишича, ҳудудда шифобахш гиёҳлар етиштирилиб, улардан турли малҳамлар тайёрланади ҳамда меҳмонлар саломатлигини тиклаш учун тақдим этилади.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Маълумот учун, 2020 йил Тошкент вилоятида 1 триллион 980 миллиард 600 миллион сўмга тенг 2213 та ижтимоий соҳа объектида қурилиш ва монтаж ишлари режалаштирилган бўлиб, 7 ой давомида 2211 та манзилда 1 триллион 232 миллиард 900 миллион сўмлик пудрат ишлари бажарилди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бўстонлиқда туризмни ривожлантириш мақсадида алоҳида маъмурий бошқарув тизими жорий қилиниши маълум қилинган эди.