Бўстонлиқда туризмни ривожлантириш мақсадида алоҳида маъмурий бошқарув тизими жорий қилинади
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида туризмни ривожлантириш мақсадида алоҳида маъмурий бошқарув тизими жорий қилинади. Бу ҳақда 27 август, пайшанба куни Ўзбекистон Президентининг «Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланди.
Фармонда белгиланишича, 2022 йил 31 декабргача Бўстонлиқ туманида алоҳида маъмурий бошқарув тизими жорий қилинади ҳамда бош вазир ўринбосари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида «Чорвоқ» эркин туристик зонаси дирекцияси директори лавозимини эгаллайди. Бунда у туман ҳокими ва унинг ўринбосарлари, шунингдек, давлат бошқаруви органларининг туман бўлинмалари раҳбарларини лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод этиш бўйича таклиф киритади.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат асосида туманда жойлашган аҳолининг дам олиш ва саломатлигини тиклаш билан боғлиқ давлат мулки объекти бўлган дам олиш уйлари, пансионатлар, санаторийлар ва бошқа объектлар, шунингдек, туристик инфратузилмани яратиш имконияти бўлган ер участкалари дирекцияга кейинчалик самарали фойдаланиш ва (ёки) реализация қилиш учун ўтказилади.
Эркин туристик зона ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ер участкасини сотиб олган инвесторларга ер участкасига бўлган эгалик ҳуқуқлари истисно тариқасида Тошкент вилояти ҳокимининг алоҳида қарори қабул қилинмасдан расмийлаштирилади.
Бўстонлиқ тумани ҳокими тўғридан-тўғри Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади, туман прокуратураси, ички ишлар ва солиқ бўлинмаларининг раҳбарлари эса мақоми, шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича тегишлича ушбу давлат органларининг республика даражасидаги раҳбарлари ўринбосарларига тенглаштирилади.
Аввалроқ Бўстонлиқда лойиҳа қиймати 480 миллион доллар бўлган халқаро курорт ташкил этилиши ва туманга янги ҳоким тайинлангани хабар қилинган эди.