Наманганнинг айрим ҳудудларида 5 октябрь куни сув таъминоти вақтинча тўхтатилади

Наманган вилояти Наманган шаҳрининг айрим ҳудудларида 5 октябрь, душанба куни сув таъминоти вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда «Наманган сув таъминоти» масъулияти чекланган жамият ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Наманган шаҳар «Курашхона» сув олиш ва узатиш иншооти ва «Дўстлик» магистраль сув қувуридаги юзага келган носозликларни бартараф этиш ва куз-қиш мавсумига режалаштирилган ишларни бажариш мақсадида мазкур ичимлик сув тармоғи 5 октябрь соат 24:00 дан 6 октябрь 24:00 гача вақтинчалик тўхтатилади.

Қайд этилишича, носозликларни бартараф этиш вақтида ушбу магистраль сув тармоғидан таъминланувчи Хамрох кўчасининг юқори қисми, Гўзал, Чаманзор, Мингчинор дахалари, Гулистон, Жалолиддин Мангуберди, Дўстлик шох, Дилшод кўчаларида, Янгиқўрғон кўчасининг айрим жойларида, 2, 3, 4, 5, 5а, 6-кичик туманларида ҳамда Орзу мавзесида ичимлик суви вақтинча тўхтатилади.

«Ичимлик суви вақтинча тўхтатилиши сабабли ‘Наманган сув таъминоти’ МЧЖ юқоридаги ноқулайликлар учун истеъмолчилардан олдиндан узр сўраган ҳолда бир суткалик ичимлик сув захирасини яратиб қўйишларини сўрайди»,—дейилади хабарда.

Бундан аввал Наманган туманидаги маҳалла камчиликларини бартараф этиш учун 500 миллион сўм ва «Элатан» маҳалласида ичимлик суви муаммосини ҳал этиш учун 300 миллион сўм ажратилиши ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Наманган туманидаги «Намуна» маҳалласига 4 километрлик ичимлик суви тармоғи тортилиши ҳамда Фурқат туманида 560 метр масофага янги ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари бошлангани маълум қилинди.

Янгиликлар