Фурқат туманида 560 метр масофага янги ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари бошланди (фото)
Фарғона вилояти Фурқат туманида ҳоким, 1-сектор раҳбари шахсий ва сайёр қабулларни ўтказиш жараёнида фуқаролар билан суҳбатлашиб, муаммоли масалаларни ўрганди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, «Фарғона сув таъминоти» масъулияти чекланган жамияти туман бўлими томонидан аҳоли билан биргаликда маҳаллага бир дона сув кўтариш минораси, сув тортиш насоси ўрнатиш, 560 метр масофага янги ичимлик суви тармоғи тортиш ишлари амалга оширилмоқда.
Маълумотларга кўра, қабул жараёнида қўшимча ўрганиш талаб этадиган, «Йўл харита»лари ва дастурлар орқали ҳал этиладиган мурожаатлар бўйича назорат-режалари ишлаб чиқилиб, бажарилиши қатъий назоратга олинган.
«Навбаҳор» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли «Темирйўлчи» маҳалласи фуқаролари яқинда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммони ҳал қилиш масаласида ҳокимга мурожаат қилган. Сектор раҳбари масъул корхоналар раҳбарлари билан масалани жойида ўрганиб, муаммони ҳал қилишда ёрдам берган.
Маълумот учун, аҳоли мурожаатининг ижобий ҳал қилиниши натижасида юзга яқин хонадон аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланган.
Aввалроқ Самарқанд шаҳрида ўтган 8 ой давомида 1,5 миллион метр куб ичимлик сув ишлаб чиқарилгани ҳақида хабар берилганди.