Ўзбекистонда «Адиблар хиёбони» интернет портали яратилади
«Атоқли адиблар ва мутафаккирлар ижодий меросини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш ҳамда Адиблар хиёбонидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида» ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» каналида маълум қилинди.
Маълум бўлишича, қарор билан Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонидан самарали фойдаланиш ва таълим муассасаларида адиблар ижодини ўрганиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Унда, жумладан, олий таълим муассасаси ректори томонидан бериладиган муайян адиблар номидаги кўкрак нишони ва махсус стипендияни жорий қилиш, ўзбек, инглиз ва рус тилларидаги «Адиблар хиёбони» интернет порталини яратиш каби тадбирлар назарда тутилган. Қарор билан Адиблар хиёбонида ҳайкаллари ўрнатилган атоқли ёзувчи ва шоирларнинг ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш бўйича ОТМларини бириктириш рўйхати тасдиқланди.
Рўйхатдаги ОТМда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:
- илмий-адабий маслаҳатчи лавозими жорий этилади;
- ОТМда уларга бириктирилган атоқли адиблар номидаги махсус стипендиялар ва кўкрак нишонлари жорий қилинади;
- 2021 йил 1 январдан бошлаб Адиблар хиёбони ҳамда Тошкент тарихи музейи туристик йўналишларга киритилади.
Шунингдек, Маданият вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тизимидаги таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб мамлакатдаги мавжуд музейларнинг йўналишларини ҳисобга олган ҳолда гидлар (гид-таржимонлар) тайёрлаш ташкил этилади.
Аввалроқ шоир ва ёзувчилар ҳаёти ҳамда ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини таржима қилиш каби жараёнларда энг юқори натижаларга эришган ёшлар учун «Илҳом» мукофоти таъсис этилгани ҳақида хабар берилганди.