Бухорода пандемия даврида экспорт салоҳиятини ошириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди

Бухоро вилоят Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси билан ҳамкорликда маҳаллий экспортчи корхоналар раҳбарлари билан пандемия шароитида иқтисодиётни сақлаб қолиш тўғрисида мулоқот қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, мулоқотда вилоят Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Фурқат Тиллаев, Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси раисининг ўринбосарлари Дилшод Менглиев ҳамда Бобур Расулов, уюшманинг вилоят бўлими раҳбари Бекзод Алиев, вилоят Божхона бошқармаси мутасаддиси Комил Жаҳонов, қолаверса, вилоятда фаолият олиб бораётган экспортчи тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари қатнашди.

Мулоқот бир-бирини тушуниш ва ўзаро мунозара тарзида кечди. Тадбиркорлар, бевосита ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган корхоналарга яратиб берилаётган имконият ва преференциялар ҳақида гаплашилди. Солиқ имтиёзлари ва экспортни ривожлантириш соҳасида олиб борилаётган ўзгаришлар, қулайликлар, қолаверса, экспортчиларни қийнаб келаётган муаммолар ечими хусусида батафсил тўхталиб ўтилди. Томонлар фикр-мулоҳазалари эшитилиб, иш тажрибаси, хориж давлатлари билан ўзаро тенг ҳуқуқли савдо-иқтисодий шерикликни муваффақиятли олиб боришнинг ўзига хос мураккабликлари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, вилоятда амалга оширилаётган бошқа имкониятлар, жумладан, Малайзия давлатига авиакарго хизматлари ташкил қилинганлиги билдирилди. Республиканинг чет элдаги элчихоналарининг бу борадаги харидор топишда қилаётган ёрдами, мамлакат иқтисодий салоҳиятини янада ошириш истиқболлари ўрганилди. Пандемия даврида ҳам корхоналар юқори қувват билан ишлаб, экспорт режасини бажариш лозимлиги бўйича топшириқлар берилди.

Аввалроқ Бухорода Халқ депутатлари вилоят кенгашининг ўн иккинчи сессияси иш бошлагани маълум қилинганди.

Янгиликлар