Пойтахтдаги 7 та туман тиббиёт бирлашмасига янги раҳбарлар тайинланди

Тошкент шаҳридаги Шайхонтоҳур, Бектемир, Мирзо Улуғбек, Яккасарой, Олмазор, Учтепа ва Сергели туман тиббиёт бирлашмасига янги раҳбарлар тайинланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича:

  • Шайхонтоҳур ТТБга пойтахтдаги 24-сонли оилавий поликлиника бош шифокор муовини Гули Холиқова;
  • Бектемир ТТБга Миробод туман марказий кўп тармоқли поликлиникаси мудири Зебинисо Умарова,
  • Мирзо Улуғбек ТТБга «Ўзавтосаноат» АЖга қарашли «CLINIC PRO» ТДМ бош шифокори Муяссар Муҳаммедова;
  • Яккасарой ТТБга Тошкент шаҳар 3-сонли клиник шифохонаси бош шифокори Дилфуза Мухсимова;
  • Олмазор ТТБга Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бош мутахассиси Азизбек Низомов;
  • Учтепа ТТБга 32-сонли оилавий поликлиника бош шифокори Нигорахон Саидова, Сергели ТТБга эса 12-сонли оилавий поликлиника бош шифокори Тожибой Юлдашев бошлиқ этиб тайинланди.

Янги раҳбарларга ўз ҳудудларида, аввало, тиббий профилактика ишлари билан жиддий шуғулланиш, оилавий поликлиникалар иш самарадорлигини ошириш тайинланди. Шунингдек, аҳолини коронавирус инфекцияси билан касалланиш кўрсаткичини камайтириш ва жиловлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш, ташкил этилган мобиль бригадалар ва COVID-19’га ихтисослашган поликлиникалар фаолиятини тубдан такомиллаштириш топширилди. Касалликда гумон қилинган фуқароларни ўз вақтида рўйхатга олиш ва даволашни ташкил қилиш, касалланганлар билан бирламчи мулоқотда бўлиб, карантинга олинган шахсларни ва уларнинг оила аъзоларини мунтазам тиббий назорат қилиб бориш, 103 тез тиббий хизмат билан оилавий поликлиникалар ўртасидаги узвийликни таъминлаш каби вазифалар юклатилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти ҳокимига янги маслаҳатчи тайинлангани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Самарқанд қурилиш коллежига янги директор тайинлангани маълум қилинди.

Янгиликлар