Россияда ўзбекистонлик мигрантларни калтаклаган ўсмирларга нисбатан жинойи иш очилди

Россиянинг Владивосток шаҳрида, бир гуруҳ ёшлар Ўзбекистондан келган меҳнат мигрантларини калтаклашди ва ҳақорат қилишди. Ушбу ўсмирларга нисбатан РФ Тергов қўмитасининг Приморск ўлкасидаги бўлими томонидан жиноий иш қўзғатилди.

Тергов маълумотларига кўра, 10 сентябрь куни ўсмирлар маст ҳолатда бўлиб, ҳеч қандай сабаб ва асоссиз турар жойда турган автомашинага шикаст етказишган ва салонга аэрозол баллончасини сочишган. Шундан сўнг, улар юк машинаси ҳайдовчисига ҳужум қилишган.

Бундан ташқари, гумонланувчилар Хабаровская кўчасидаги тун-у кун ишлайдиган дўконга босиб кириб, харидорлар ва сотувчи олдида бир эркакка ҳужум қилишган. Кейинроқ, улар такси ҳайдовчиси ва машинада бўлган йўловчига ҳам ҳужум қилишган.

Шунингдек, улар кўчада катта овозда бақиришиб, тош ҳамда бошқа буюмларни қурол сифатида ишлатиб, эркакка ҳужум қилишган.

Натижада, ушбу шахсларга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 213-моддаси 2-қисми (безорилик) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларнинг шахси аниқланган, улардан бири қўлга олинган, иккитаси қидирувда.

Жаҳон