Самарқанд прокуратураси «қизнинг номусига теккан машҳур хонанда иши» бўйича ИИБ қарорини бекор қилди
Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан «Kun.uz»да эълон қилинган «Машҳур хонанда вояга етмаган қизнинг номусига теккани айтилмоқда. ИИБ жиноий иш очишни рад этди» сарлавҳали мақола юзасидан Каттақўрғон тумани ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлимининг жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарори назорат тартибида ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилди.
Aниқланишича, 17 июнда Ургут тумани Бахрин қишлоғида яшовчи фуқаро Р.Ф. Каттақўрғон тумани ИИБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида 13 июль куни вояга етмаган қизи М.Ш.ни дугонаси С.Д. Каттақўрғон туманига олиб келиб, уни қўшиқчи Ж.У. ва унинг бир ўртоғи билан таништирганлигини, Ж.У. ва унинг ўртоғи уларни бир уйга олиб борганлигини ва шу куни Ж.У. уни зўрлаб номусига текканлигини, шу сабабли Ж.У.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Судга оид тиббий экспертизанинг 2020 йил 26 июндаги хулосасида фуқаро Ш.М.нинг танасида, яъни кўз юқори қовоқлар, иккала болдир, ўнг билак соҳаларида қонталашлар каби жароҳатлар аниқланиб, ушбу жароҳатлар суд-тиббий текширувига қадар бир кундан кўп, икки кундан кам бўлган вақт оралиғида етказилган бўлиши мумкинлиги кўрсатилган.
Мазкур мурожаат юзасидан Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилиб, натижасига кўра 2020 йил 10 июль куни Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Тўпланган ҳужжатлар Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганиб чиқилганда, бир қатор терговга қадар текширув ҳаракатлари тўлиқ бажарилмаганлиги, ЖПКнинг 22-моддасида кўрсатилган терговчи жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаш шартлигини, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб кўрилмасдан шошма-шошарлик билан қабул қилинганлиги аниқланди.
Юқоридагиларга кўра, Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимининг 2020 йил 10 июль кунги жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қабул қилган қарори Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан 10 сентябрь, пайшанба куни бекор қилиниб, қўшимча текширув ҳаракатлари олиб борилиши учун Каттақўрғон туман ИИБ тергов бўлимига юборилди, дейилади хабарда.
Мавзуга доир: Самарқандда машҳур хонанда вояга етмаган қизнинг номусига теккани айтилмоқда. ИИБ жиноий иш очишни рад этган
Aввалроқ Самарқандда 43 ёшли дугонасининг уятли фотосуратларини тарқатиб, шарманда қилмаслик учун 2200 доллар талаб қилган аёл ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Андижонда ҳомиладор келинчакнинг калтаклангани айтилган видео иштирокчилари воқеа қандай юз берганига аниқлик киритгани хабар қилинган.