Самарқандда машҳур хонанда вояга етмаган қизнинг номусига теккани айтилмоқда. ИИБ жиноий иш очишни рад этган (видео)

Таниқли эстрада хонандаси лицейнинг биринчи курсини эндигина тамомлаган, вояга етмаган қизнинг номусига теккани айтилмоқда. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолатда жиноят аломатлари йўқ, деб топган. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Нашр мухбири ҳолат юзасидан қизнинг ўзи, отаси ва ишга алоқадор бошқа шахслар билан суҳбатлашган.

Жабрланувчи Ш.нинг айтишича, у Самарқанд шаҳридаги лицейлардан бирида таҳсил олади. У билан бирга ўқийдиган каттақўрғонлик дугонаси Д. таниқли эстрада хонандаси Ж.ни шахсан таниши, ўзларига яқин ҳудудда туғилгани ва оилавий базмларга келиб туришини айтиб юради. Д. дугонасига агар истаса, уни хонанда Ж. билан таништириб қўйиши мумкинлигини айтади. Aксарият ёшлар қатори Ш. ҳам хонанданинг қўшиқларини эшитиб юргани сабаб у билан шахсан танишишга қизиқиб қолади.

Фото: «Kun.uz»

2020 йил 12 июнь куни Д. дугонаси Ш.ни конференцалоқа орқали хонанда Ж. билан телефонда суҳбатлаштиради. Хонанда: «Каттақўрғонга келинг, сизни ўзим кутиб оламан», — дейди. Суҳбатнинг эртасига, 13 июнда қиз йўлга чиқишидан аввал Д. билан яна гаплашиб олади. Дугонаси уни туманда кутиб туришига, кейин опасиникига боришга келишилади. Соат 18:30 атрофида хонанда Ж. қизларни кўча бошида оқ «Lacetti» машинасига миндириб, бошқа бир ҳовлига олиб боради. Ш. у ерда уйнинг эгасидан ташқари яна икки киши бўлганини айтмоқда.

Ж. дастурхон устида Ш.га конякка ўхшаш ичимлик қуйиб беради. У ичишни рад этгач, «ич, ичиб кўр» дея мажбурлайди. Қиз ўша ичимликни ичганидан бироз ўтиб, хонанда уни «сизда гапим бор» деб бошқа хонага олиб ўтган. Ўша хонада Ш.га: «Дугонанг сенинг қиз бола эмаслигингни айтяпти», — деган. Қиз бу гапдан сўнг ўзининг бокира эканини билдириб, қаршилик кўрсатса-да, йигит куч ишлатиб, у билан жинсий алоқада бўлган.

Ш. бу ҳолатдан карахт аҳволга тушиб қолгани ва додлай бошлаганини айтмоқда. Қоронғида кўчага чиқиб кетганини кўрган Ж.нинг шериклари ташқарида уни машинага миндириб, пичоқ ўқталган, қабристон олдига олиб бориб қўрқитган. Маълум муддатдан сўнг яна ўша ҳовлига қайтариб олиб келишган. Хонанда: «Сен қиз бола чиқмадинг», — дея у билан яна бир марта жинсий алоқада бўлган.

Бирор соатлардан сўнг қизларни Д.нинг уйига ташлаб кетишган. Икки кун давомида Ш. қўрқув ва тушкун ҳолатда Каттақўрғонда қолиб кетганини маълум қилди. Ўзининг ҳолатини холасига телефон орқали билдиргач, отаси билан бирга етиб боришган.

Фото: «Kun.uz»

Бу воқеалардан хабар топган Ш.нинг яқинлари аввалига андиша қилишганини айтмоқда. Масалан, холаси хонанданинг уйига бориб, оила аъзоларига бу ҳақида хабар берган. Ими-жимида турмуш қуришини таклиф қилган. Табиийки, Ж.нинг онаси, яқинлари совуқ муносабатда бўлган. Қизнинг ўзини айблашган. «Бизни ўғлимизнинг тайини йўқ, қизларинг бахтли бўлолмайди. Тенги чиқса, бошқага бериб юборинглар», — дейишган.

15 июнь куни ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман ИИБга мурожаат қилинган.

Хонанда қизнинг отаси ва холаси билан бир неча марта телефонда гаплашгани ёзиб олинган. Aудиоёзувлардан Ж. қизнинг яқинлари билан маълум жойларда учрашишга келишгани, муроса қилишга урингани ва оқибатда бу учрашув амалга ошмаганини англаш мумкин.

«Kun.uz» мухбири хонанда Ж. билан телефон орқали боғланган.

Ж. вазиятга изоҳ берар экан: «Мен ҳеч кимни мажбур қилмаганман. Ўша куни нима бўлган бўлса, қизнинг ўз хоҳиши билан бўлган. Қолаверса, Ш. билан биргина менинг ўзим алоқада бўлмаганман, улар менга ёпишиб олишди. Яна икки нафар ‘братишкам’ ҳам бор эди. Мен унинг вояга етмаганини ҳам билмаганман. Қизнинг отаси ‘шантаж’ қиляпти. Мендан уй талаб қилди. Бизнинг фаолиятимизда бунақа ҳолатлар тез-тез бўлиб туради», — деган.

Ш.нинг отаси ҳолат юзасидан 18 июнь куни суд-тиббий экспертизаси ўтказилганини, унда қизининг танасида жароҳатлар мавжудлиги, қизининг иффати бузилгани, бузилиш санаси 13 июнь кунига тўғри келиши ҳақида ёзилганини айтмоқда.

Таҳририят йўллаган сўровга жавобан, Самарқанд вилоят ИИБ ҳолат юзасидан изоҳ берди. Бошқарма ахборот хизмати берган маълумотга кўра, мазкур ҳолатда Ж. ва бошқаларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмагани сабабли, Жиноят-процессуал кодексининг 36-моддаси, 83-моддаси 2-бандини қўллаб, тўпланган ҳужжатлар юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Aриза муаллифига оилавий ва фуқаролик низолар бўйича даъво билан тегишли фуқаролик судига ҳамда турмуш қуриш масаласида Каттақўрғон тумани ФҲДЁ органига мурожаат қилиши мумкинлиги ёзма равишда тушунтирилган.

«Kun.uz» мухбири суриштирув органи нега бундай қарорга келганини чуқурроқ ўрганиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти билан боғланган. Aммо маҳкамадан саволларга аниқ жавоб ололмаган.

Янгиликлар