Самарқандда 1000 гектар ерга йилига икки марта ҳосил берадиган қулупнай нави экилади
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 1000 гектар ерга йилига икки марта ҳосил берадиган қулупнай нави экилади.
Маълум қилинишича, икки йил олдин Каттақўрғон туманида «Шарқ саноат» концерни билан ҳамкорликда инвитро лабораториясида кўпайтирилган, қулупнайнинг «Зенга-зенгана» навидан 820 минг туп келтириб экилган.
2019 йил кузида ундан олинган 5 миллион туп қулупнай кўчати фермер хўжаликлари ва аҳоли хонадонларига тарқатилган.
«Ушбу янги нав меваси хуштаъмлиги, 7—10 кунгача, совуткичли омборларда эса 20 кунгача сақлаш мумкинлиги билан аҳолига манзур бўлди. Ҳар бир туп қулупнай кўчатидан 1–1,5 килограмм, гектаридан 40 тоннагача ҳосил олиш мумкин.
Яна бир афзаллиги, бу навдан йилига икки марта ҳосил олиш мумкин. Келгусида ушбу маҳсулотни ички бозор билан бирга хорижга ҳам экспорт қилиш режалаштирилган», — дейди «Каттақўрғон клубника» ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари М.Мавлонов.
Бу йил тумандаги фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида 1000 гектар ерда қулупнай экиш режалаштирилган. Жумладан, 500 гектар майдонга томчилатиб суғориш технологиялари асосида экилади. Айни пайтда туманда бу жараён давом этмоқда ва каттақўрғонлик деҳқонларга Украинадан келган мутахассис ўз тажрибаларини ўргатмоқда. Ҳозир экилган кўчатлар келгуси йил баҳоридан ҳосилга киради.
Аввалроқ Самарқандда олти ой давомида қанча корхона ва ташкилотлар рўйхатга олингани маълум бўлган эди.