Самарқандда 61 млн сўмлик унни ноқонуний равишда сотаётганлар аниқланди

Самарқандда 18—19 cентябрь кунлари жами 15 ҳолатда фуқаролар томонидан давлат рўйхатидан тадбиркор сифатида ўтмасдан ноқонуний равишда ун маҳсулотларини қиммат нархларда сотилаётгани аниқланди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири маълум қилди.

Фото: Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, далилий ашё сифатида 61 миллион сўмлик Ўзбекистон ва Қозоғистонда ишлаб чиқарилган ун маҳсулотлари вақтинчалик олиб қўйилган.

Хусусан, 19 сентябрь куни Пастдарғом тумани, «Қатортерак» маҳалласи ҳудудида ноқонуний равишда ун маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи фуқароларни аниқлаш мақсадида текшириш ишлари ўтказилган.

Фото: Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, ушбу маҳаллада яшовчи фуқаро Э.Н.га тегишли ҳужжатларсиз, ноқонуний равишда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 97 қоп уннинг 1 қопи 185 минг сўмдан, Қозоғистонда ишлаб чиқарилган уннинг 1 қопи 220 минг сўмдан сотилаётгани аниқланган.

Тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, сотувдаги 164 қоп, умумий қиймати 31 миллион 575 минг сўмлик ун маҳсулоти далилий ашё сифатида вақтинчалик олиб қўйилган.

Фото: Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати

Аввалроқ Наманганда август—сентябрь ойларида тадбиркорларга салкам 15 миллиард сўм ортиқча ҚҚС суммаси қайтарилгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Марҳаматда 700 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилган эди.

Янгиликлар