Чортоқда уннинг бир қопини 180 минг сўмдан сотаётган фуқаро аниқланди

Наманган вилояти Чортоқ туманида 50 килограмм унни 180 минг сўмдан сотаётган шахс аниқланди. Бу ҳақда вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Наманган вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, пандемия шароитида аҳолига давлат ресурслари ҳисобига ун маҳсулотларини биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида тизимли етказиб бериш йўлга қўйилган. Шунга қарамай, Департаментнинг Чортоқ тумани бўлими ҳамда давлат солиқ инспекцияси ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбири давомида «Ифтихор» МФЙ ҳудудида фуқаро И.О. «Учқўрғон дон маҳсулотлари» корхонасида ишлаб чиқарилган маҳаллий уннинг 50 килограммини 180 минг сўмдан ноқонуний равишда сотаётгани фош этилган.

Наманган вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, воқеа жойининг ўзида далолатнома расмийлаштирилган. 700 килограмм маҳаллий ун далилий ашё сифатида сақловга олиниб, махсус дўконга юк хати орқали топширилган.

Маълумот учун, ҳукумат топшириғига асосан, «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси тизим корхоналарида ишлаб чиқарилган бир қоп ун учун 125 минг сўм қилиб белгиланган.

Аввалроқ Наманганда август—сентябрь ойларида тадбиркорларга салкам 15 миллиард сўм ортиқча ҚҚС суммаси қайтарилгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Марҳамат 700 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилган эди.

Янгиликлар