«Сардоба иши» бўйича 17 нафар мансабдорга жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлди
Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги сув омбори ўпирилиши бўйича ҳозирда 17 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов маълум қилди.
Акмал Бурхоновнинг сўзларига кўра, 2020 йилнинг 1 май куни юз берган «Сардоба» сув омбори тўғони ўпирилиши ва натижада катта ер майдонларини сув босиши ҳолати бўйича Жиноят кодексининг 207-, 258-моддаларида назарда тутилган жиноятлар аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, унда тергов, тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилган.
Ҳозирги вақтда тергов органи томонидан тўғоннинг лойиҳаланиши, қурилиши, эксплуатация қилиниши, давлат комиссияси томонидан қабул қилинмаган ҳажмда сув тўпланиши жараёнларида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларига даҳлдор 17 нафар шахс, жумладан:
- буюртмачи — «Сирдарё сув қурилиш инвест» ДУК;
- лойиҳачи — «UzGip» МЧЖ;
- бош пудратчи — «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» УК;
- пудратчи ташкилотлар — «Резаксой сув қурилиш» УК, «Омад Дубл» МЧЖ, «Сариосиё қурилиш» МЧЖ, «Транс Сервис Комплекс» МЧЖ, «Тўпаланг Шеробод» ШК, Сув хўжалиги вазирлиги, Эксплуатация дирекцияси мансабдор шахсларининг бир гуруҳи тегишли (167, 203, 205, 207, 209, 258) моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг таъкидлашича, айбланувчиларнинг 7 нафарига қамоққа олиш, 6 нафарига гаров, 4 нафарига муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси қўлланилган.
«Жиноят иши доирасида тегишли идораларнинг малакали мутахассисларидан иборат комиссия томонидан ўлчов ва тафтиш ишлари давом эттирилмоқда. Айбдор шахсларни аниқлаш билан бирга етказилган зарарнинг қопланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», дейилади хабарда.
Мавзуга доир: Сардоба фожиаси юзасидан 9 киши қамоққа олинган
Аввалроқ Сардоба сув омбори талафотлари оқибатида 54 та фермер хўжалигининг 9,5 миллиард сўмлик зарари ҳал этилмагани, сенаторларга талафот учун ажратилган 40 миллион сўмни олмаганини айтган оилаларга пуллар аввалроқ тўлаб берилгани ҳамда Сардобадаги 1826 та уйда таъмирлаш ишлари 97 фоизга бажарилгани ҳақида хабар берилганди.