Сардоба сув омбори талафотлари оқибатида 54 та фермер хўжалигининг 9,5 млрд сўмлик зарари ҳал этилмагани маълум бўлди
Сирдарё вилоятида Олий Мажлис Сенати кенгашининг биринчи сайёр мажлиси ўтказилганлиги ҳақида хабар берилганди. Йиғилишда Сардоба сув омбори тўғонида юз берган техноген ҳолат оқибатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотлар берилган.
Хабарда айтилишича, мажлисда Сардоба сув омбори тўғонидан сув тошиши оқибатларини бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилган. Хусусан, учта тумандаги 28 та маҳалладан 89 450 аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган. Бугунги кунга қадар уларнинг 83,4 фоизи ўз яшаш манзилларига қайтарилган.
Бундан ташқари, техноген офат оқибатида жами 4710 та хонадонга талафот етган бўлиб, шундан 2211 таси яроқсиз, 2499 таси таъмирталаб ҳолатга келган. Шу кунгача уйлари яроқсиз ҳолга тушган фуқароларни янги уй-жой билан таъминлаш мақсадида 2640 хонадонли 66 та кўп қаватли уй қуриш режаси 56 фоизга бажарилган.
«Шу билан бирга, тўртта электр подстанцияси, 106 та трансформатор, 6269 та электр устуни, 345 километр узунликдаги электр симларига зарар етиши сабабли 12 та аҳоли пунктида юзага келган узилишлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш учун 68 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
Бунинг баробарида, 106,5 километр ичимлик суви тармоқлари, 8 та сув тақсимлаш иншооти, 1 км оқова сув тармоқларини тиклаш учун 13 та аҳоли пунктида юзага келган муаммоларни ҳал этиш учун 129,7 миллиард сўм ҳажмида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган», — дейилади хабарда.
Хабарда айтилишича, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида талафот кўрган 54 та фермер хўжалигининг 4204 гектар пахта ва ғалла майдонларига экинларни қайта экиш учун суғурталанмаган 9,5 миллиард сўмлик зарарни қоплаш масаласи ҳал этилмаган.
Мажлисда техноген ҳолат оқибатларини бартараф этиш борасида ечимини кутаётган айрим муаммоларга эътибор қаратилган. Хусусан, жами 175 та тадбиркорлик субъектидан 32 тасига етказилган зарар миқдори 9,1 миллиард сўм деб аниқланган бўлса-да, қолган 143 та тадбиркорнинг мол-мулкига етказилган зарар миқдори бўйича аниқ ҳисоб-китоблар амалга оширилмаган ва зарарни қоплаш бўйича ҳеч қандай амалий чора-тадбирлар кўрилмаган.
«Қолаверса, умумтаълим объектларини таъмирлаш, тиклаш ва қайта қуриш ишлари белгиланган муддатларда амалга оширилмаган. Уй-жойсиз қолган 1308 нафар фуқаро ҳозирги кунгача 13 та муассаса, шу жумладан, 6 та умумтаълим мактабида яшаётганлиги сабабли мазкур таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш ишлари кечикмоқда.
Мавзуга доир: Танзила Норбоева: «Сардобага ёрдам» акцияси халқимизни янада бирлаштирди
Яна бир жиҳат, ирригация-мелиорация объектларини тиклаш ишлари бўйича молиялаштириш ишлари якунига етказилмаган. Айрим қишлоқ хўжалиги тармоқлари бўйича етказилган зарарни қоплаш ишлари етарли даражада бажарилмаган», — дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, 2020 йилнинг 1 май куни соат 05:55 да Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори дамбасининг 6-пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Натижада Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган. ФВВнинг таъкидлашича, ҳалокатнинг биринчи дақиқаларидаёқ Сардоба сув омбори ҳудуди атрофида истиқомат қиладиган 70 минг аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган ҳамда Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудида ташкил этилган махсус муассасага жойлаштирилган.
Аввалроқ Сардобадаги 1826 та уйда таъмирлаш ишлари 97 фоизга бажарилгани, тошқиндан зарар кўрган 128 та хонадонга биттадан қорамол ажратилгани ҳақида хабар берилганди.