Тошкентга гашиш гиёҳванд моддасини мевалар орасига яшириб олиб кетаётган шахс Оҳангаронда ушланди

Тошкент вилояти ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ўрик сотиш баҳонасида мевалар орасида яширин тарзда олиб келинаётган гашиш гиёҳвандлик моддаси пойтахт ҳудудига олиб кирилишининг олди олинди, деб хабар берди вилоят Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати.

Фото: Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати

Маълум бўлишича, 1983 йилда туғилган фарғоналик У.Д.нинг бошқарувидаги «Damas» автомашинаси Оҳангарон шаҳри ҳудудида ўрнатилган карантин постида гумонланиб тўхтатилган ва холислар иштирокида кўздан кечирилган. Натижада мазкур автомашинада олиб келинаётган ўрик мевалари орасида яширилган 165,3 гр оғирликдаги гашиш (экспертиза хулосасига асосан) гиёҳванд моддаси борлиги аниқланган.

Ҳайдовчи суҳбат давомида ушбу гиёҳвандлик воситасини Тошкент шаҳридаги мижозларига 2000 АҚШ долларига сотиш мақсадида яширин тарзда олиб келаётганини маълум қилган.

Ҳолат юзасидан Оҳангарон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан фуқаро У.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Наманганда гиёҳвандлик моддаларини сақлаб келаётган шахслар аниқлангани, Фарғонада молхонасидаги хумда 2 пакет марихуана сақлаб келган фуқаро ва қиймати 26 миллион сўмлик гашиш сотган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар