Жомбойдаги маҳалланинг собиқ раиси эҳтиёжманд оилаларга ажратилган пулларни талон-тoрож қилгани аниқланди

Самарқанд вилояти Жомбой тумани «Хитойпоён» маҳалласининг собиқ раиси томонидан йўлланган мурожаат ўрганилди. Ўрганиш натижасида бир марталик моддий ёрдам олишга ҳақли оилалар рўйхатини тузишда қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда Жомбой тумани «Хитойпоён» маҳалласининг собиқ раиси Қ.Б. томонидан йўлланган мурожаат тарқалган. Унда айтилишича, мурожаат қилувчи 2019 йилда ушбу маҳалла раислигига 73 фоиз овоз билан сайланган. Aммо икки ой аввал эҳтиёжманд оилаларга ажратилган моддий ёрдам пулларини талон-тoрож қилганликда айбланиб, ишдан бўшатилган. Қ.Б. туҳматга қолгани, натижада обрўйига путур етгани, оиласи пароканда бўлаётганини айтади.

Назарда тутилаётган пул маблағлари Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 июлдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармойиши асосида тарқатилган. Ҳудудларда ушбу тоифага мансуб оилалар рўйхатини шакллантириш маҳалла фуқаролар йиғини зиммасига юклатилган.

Маълумот учун, Жомбой туманида 38 та маҳалла мавжуд. Дастлабки босқичда маҳалла раислари тасдиқлаб берган рўйхатларга 1865 та эҳтиёжманд оила киритилган.

Aммо махсус ишчи гуруҳ томонидан ўрганилганда бир марталик моддий ёрдам олишга ҳақли оилалар рўйхатини тузишда қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган. Жумладан, «Хитойпоён» ҳудуди бўйича маҳалла раиси тақдим этган қайдномада фуқаролар К.Ю. ҳамда A.Т., шунингдек, М.A. ва Н.М. алоҳида-алоҳида камбағал оилалар сифатида кўрсатилган. Ўрганиш давомида улар аслида бир оила экани ойдинлашган. Бундан ташқари, иқтисодий ҳолати барқарор, уй-жойи ва яшаш шароити яхши таъминланган A.A., М.Р., З.Б. оиласи асоссиз равишда рўйхатга киритилгани, айрим фуқароларнинг исм-шарифи рўйхатга икки марта қайд этилгани аниқланган. Натижада моддий ёрдамга муҳтож фуқаролар сони 15 нафарга кўпайтириб кўрсатилган. Ваҳоланки, ушбу маҳаллада ҳақиқатда муҳтож бўлган Ҳ.Ж. ва Ж.A. оиласи истиқомат қилса-да, моддий ёрдам олувчилар рўйхатга киритилмаган.

Ишчи гуруҳ маълумоти асосида туман прокуратураси терговга қадар текшириш ўтказган. Натижаси бўйича қонун талабларининг бузилиши, унинг келиб чиқиши сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига тақдимнома киритган. «Хитойпоён» маҳалласи раиси Қ.Б.нинг ваколатлари вакиллар йиғилишининг 2020 йил 15 августдаги 2-сонли қарори билан муддатидан аввал тугатилган.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган «Фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низом» талаблари доирасида 29 август куни тумандаги маҳаллалар кўрсаткичи таҳлил қилинди. Жомбой туманидаги Президент халқ қабулхонаси ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамкорлигида ўтказилган ўрганиш давомида 6 та ҳудуд «қониқарсиз» деб баҳоланган. Жумладан, «Хитойпоён» маҳалласида камбағал оилалар билан ишлаш, тадбиркорликка жалб этиш, аҳоли бандлигига кўмаклашиш, ажримларнинг олдини олиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш каби масалалардаги ишлар сўнгги олти ойда самарали ташкил этилмагани аниқланган.

Aввалроқ Самарқандда 200 нафар фуқаронинг 600 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақи, пенсия ва нафақа пуллари ундириб берилгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир:

Ўзбекистондаги боғчаларда 48 млрд сўмдан ортиқ пул талон-торож қилингани маълум бўлди. Болаларга яроқсиз гўшт ва озиқ-овқат берилган

Наманганда ишсизларга ажратилган 216 млн сўм бюджет пули талон-торож қилинди

Янгиликлар