Фарғонада «Бионур» соҳиби сифатида танилган табиб 10 суткага қамалди

Фарғона вилоятида халқ табобати билан шуғулланувчи табибга чора кўрилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 2025 йил 17 декабрдаги қарори билан халқ табобати билан шуғулланувчи фуқаро И. С. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 59-5-моддаси (халқ табобати тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 3-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган.

Суднинг қарорига кўра И. С.га 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.

Маълумот учун, ушбу халқ орасида табиблик билан шуғулланиб, «Бионур» соҳиби сифатида танилган шахс фаолияти қонунийлиги ўрганилганда 05.08.2020 йилда солиқ органларидан «Халқ табобати» фаолият тури бўйича рўйхатдан ўтган бўлсада, Ўзбекистон халқ табобати Ассоциацияси томонидан берилган гувоҳнома муддати 21.12.2024 йилда тугаганлиги маълум бўлган.

Унга нисбатан Қўқон шаҳар ИИБ томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судига юборилган. Суд томонидан 2025 йил 10 январь куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59⁵-моддаси (Халқ табобати тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 1-қисми билан, 7.500.000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Шунингдек, унинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлганлиги инобатга олиниб, ИИО ходимлари томонидан расмий огоҳлантирилган.

 

Ўзбекистон