Қашқадарёда 4 киши 15 ёшли қизни зўрлашда айбланмоқда
Қашқадарё вилояти Касби туманида 15 ёшли қиз уни 4 йигит зўрлаганини айтиб, мурожаат қилган.

Қиз мурожаатида уни 4 йигит 2021 йилнинг ёз ойида далада — мол боқиб юрган вақтида зўрлаганини маълум қилган.
«Улар менга ташланиб кетди. Ҳеч ким йўқ эди, бақирдим. Улар қўл-оёғимдан ушлаб, бақирсам оғзимни беркитди, қочмоқчи бўлдим, улар куч бермади менга. 2 киши галма-галдан менга тегинди. Ҳушимни йўқотдим. 1 соатлардан кейин уйга қайтдим. Уйдагиларга айтсанг, ўлдирамиз деб қўрқитди.
Изимдан пойлаб юрган экан, бир неча кундан кейин улар 4 киши бўлиб келди. 2 таси қўлимни ушлаб турди, 2 таси менга тегинди», — деган қиз.
Қизнинг онаси унинг 8 ойлик ҳомиласи борлиги, буни ҳомила 6 ойлик бўлганда билганини, воқеа содир бўлганда ҳеч нимани сезмаганини айтган.
Мазкур ҳолат юзасидан Касби туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 2-қисм «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида вояга етмаган Ҳ.А.нинг аризасига кўра, зўрлаганликда гумон қилинган 4 нафар шахс бу ҳаракатларни содир этмаганликларни айтиб, инкор қилган. Тергов ишида далиллар етарли бўлмагани боис тергов ҳужжати вақтинча тўхтатилган. Бола туғилиб, ДНК текшируви натижаси эълон қилиниши билан тергов ҳаракатлари қайта қўзғатилади.





