ЕТТБ 2021 йилда Ўзбекистонга жами 690 млн доллар инвестиция киритди
2021 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистонга 22 та лойиҳа орқали қарийб 690 млн доллар (607 млн евро) сармоя киритди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон кетма-кет иккинчи йил Марказий Осиёдаги ЕТТБ маблағларидан энг кўп фойдаланувчи давлат бўлди.
Банкнинг бу маблағлари қайта тикланувчи энергия манбалари ёрдамида энергия ишлаб чиқариш, «яшил» кредитлар, мамлакатдаги асосий инфратузилмани янгилаш ва кичик бизнесни ривожлантиришга йўналтирилган. Ўзбекистонга йиллик инвестиция киритиш бўйича аввалги рекорд 2019 йилда қайд этилган бўлиб, ЕТТБ мамлакат иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги 13 та лойиҳа орқали 575 млн доллар (517 млн евро) ажратган эди.
«ЕТТБ 2018 йилдан буён учинчи марта мамлакатга рекорд даражадаги инвестиция киритганини маълум қилмоқда ва бу муваффақият, асосан, шу ердаги жамоамизнинг саъй-ҳаракатлари туфайлидир. Пандемия билан боғлиқ юзага келган қийинчиликларга қарамай, мен бу юртда муҳим натижаларга эришишда қилган меҳнатимиз ва қатъиятимиздан жуда фахрланаман», — дея таъкидлади ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос.
Ташкилотнинг 2021 йилги асосий фаолияти доирасида унинг Ўзбекистонга кам углеродли йўналишларни ривожлантириш ва 2050 йилгача энергетика тармоғининг углероддан холи бўлишига кўмаклашаётгани айтилди. Шу билан бирга, банк ва Ўзбекистон ҳукумати иссиқхона гази эмиссиясини камайтириш ва мамлакатнинг иқлим ўзгаришига нисбатан Барқарорлик стратегиясини тайёрлаш ҳамда уни Париж келишувига мослаштириш бўйича келишувга еришилган.





