Туркияда Ал-Хоразмий шарафига ёдгорлик ўрнатилди
Туркиянинг Анқара шаҳрида Муҳаммад ал-Хоразмий шарафига ёдгорлик ўрнатилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Хабарга кўра, Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ташаббуси билан Туркий маданият халқаро ташкилоти – ТУРКСОЙ ҳамда Анқара шаҳар муниципалитети билан бирга «Хива — туркий дунёнинг маданият пойтахти» халқаро дастури доирасида Туркия пойтахтида Муҳаммад ал-Хоразмий ёдгорлигининг очилиш маросими бўлиб ўтган.
Қайд этилишича, Ал-Хоразмий ёдгорлигининг Анқара шаҳрида ўрнатилиши Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида ТУРКСОЙ томонидан эълон қилинган «Хива – туркий дунёнинг маданий пойтахти» халқаро дастури доирасида амалга оширилган.
Таъкидланишича, ёдгорлик Анқара шаҳрининг Кечиўрен туманидаги машҳур боғлардан бири — «Жўка водийси» (Ihlamur Vadisi») ҳудудида ўрнатилган. Ушбу масканда ижтимоий-оммавий, маданий тадбирлар тез-тез ўтказиб турилади.