«Ҳақиқий илм-фанни ривожлантириш учун катта инвестиция ва амалий ишлар керак» — блогер Шаҳноза Соатова Комил Алламжоновга эътироз билдирди

Комил Алламжонов ғазалхонлик, шеър, адабиёт илм эмас, ўзни юпатиш воситаси эканлиги ҳақида Telagram каналида қолдирган эди. Унга кўра:

«Ўзбекистонда зудлик билан илм, билимдонлар, олимлар, тадқиқотлар, тажрибалар, лабораториялар, ўрганишлар, янгиликлар, кашфиётлар трендга чиқиши керак. Чунки бугун шундоқ ҳам кеч, эртага эса ундан ҳам кеч бўлади. Вақт бизга қарши ишлаяпти. Бошқа томондан, ҳечдан кўра кеч яхши. Қуруқ гапда ўтган алломаларимиз билан керилиб, ғазалхонлигу баҳру-байтлар қилиб, шеърлар тўқиб, ўзимизни юпатиб юрганимиз билан биримиз икки бўлмайди. Тағин биз ўтмиши буюк, келажаги буюк, ўртаси куюк бўлиб қолмайлик бу кетишда, Оллоҳ асрасин. Шунга эришиш керакки, биздан олдингилар ризо, кейингилар фахрлансин», — деди Комил Алламжонов постида.

Бу фикрларга блогер Шаҳноза Соатова эътироз қилиб, ўзининг шахсий қарашларини Telegram каналида билдирди.

«Майлию, илмни адабиётга зид қўйиш ҳеч бир қуюшқонга сиғмайдиган гап. Худдики сериал олишяпти, ундан кўра мактаб қуринг деган мантиқсиз гап каби. Аввало, адабиёт, айниқса, мумтоз адабиёт – катта илм. Шу илм бўлмаганида, ҳозир умуман ўзбек тили ва миллати қолмасди балки. Қолаверса, бир йўлда кетаётган поезд вагонлари бир-бирига зид ҳаракатлана олмайди, шунчаки, айрим вагонларнинг ғилдираги бузилиб, таркибдан узилиб қолиши мумкин. Ривожланиш учун илм ҳам, миллатнинг қаддини кўтарадиган тарихий-бадиий сериал ҳам, мактаб ҳам, шеъру ғазал ҳам – ҳаммаси керак.

Икки буюк адибнинг таваллуди бир ҳафтага тўғри келса, ғазалхонлик кўп бўлиши табиий. Бошқа пайтлар шу ҳам йўқ ўзи. Бунақа яхши ўйланмаган гапларни айтиш ярашмабди сизга, Комил Исмоилович. Адабиётни тинч қўйинг-да, бемалол илм-фанни трендга олиб чиқаверинг («Заковат»ни қутқаряпсиз, яхши, лекин бу ҳали илм-фанни трендга олиб чиқиш эмас).

Ибн Синою Улуғбекка ҳам олим, ҳам шоир бўлишида адабиёт халақит бермагани каби, сиз назарда тутаётган илм-фанни трендга олиб чиқишингизга ҳам у халақит бермайди. Фақат илм-фанни трендга олиб чиқиб ҳам олим авлод тарбиялай олмаймиз, чунки трендлар бир кўпик, холос, бугун бор, эрта йўқ.

Ҳақиқий илм-фанни ривожлантириш учун эса катта инвестиция ва амалий ишлар керак. Шундан гапиринг ундан кўра», – эътироз билдиради блогер.

 

Янгиликлар