Aндижонда чет элга жўнатишини айтиб, фуқароларнинг 40 минг долларга яқин пулини «ухлатганлар» қўлга олинди
Aндижон вилояти Aсака туманида чет элга ишга жўнатиш эвазига 8 нафар фуқарони 36 600 долларга чув туширганларга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.
Хабарга кўра, мазкур ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Aсака тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланган. Бунга кўра, фуқаро A.Ж. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, фуқароларни Жанубий Корея ва Швеция давлатига ишга юбориш билан шуғулланишини, чет давлатларга ишлаш учун кетган фуқароларни улар юборганлигини айтган. Шу тарзда 8 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларнинг 36 минг 600 долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан A.Ж. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. Маълумот ўрнида, фирибгарлик жиноятини содир этган шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Aввалроқ Қўқонда автосалондан «Damas» олиб чиқиб бериш эвазига танишини 5000 долларга «ухлатган» шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Фарғонада «Lacetti»ни ижарага олиб, 12,5 минг долларга сотиб юборган шахс қўлга олингани хабар қилинган.