Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратилди

Аёллар тадбиркорлигини ошириш мақсадида янги тизим жорий этилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: senat.uz

Хабарга кўра, 15 февраль куни «Халқ банки» томонидан жойларда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, бизнесга оид намунавий режаларини ишлаб чиқиш ва уларга кредит олишда амалий ёрдам кўрсатишнинг янги тизими жорий этилди.

Қайд этилишича, бунинг учун бюджетдан қўшимча равишда 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтириладиган бўлган.

Таъкидланишича, «Халқ банки» АТ тизимида, аввало, «Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш департаменти» ташкил этилди. Банкнинг 14 та ҳудудий ва 196 та туман (шаҳар) филиалларига хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича жорий қилинган бошқарувчи ўринбосари лавозимларига энг муносиб номзодлар тайинланди ва иш режалари ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Савдо-саноат палатаси, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, «Тадбиркор аёл» ишбилармон аёллар ҳамда «Ҳунарманд» уюшмалари, хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари, бошқа нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда аёллар тадбиркорлигига хос бўлган 60 хилдан ортиқ намунавий бизнес режа лойиҳалари ва тарқатма материаллар тайёрланиб, жойларга етказилган. Аёлларнинг молиявий саводхонлигини ошириш ва тадбиркорликка йўналтириш бўйича алоҳида веб-саҳифа ҳамда «Telegram_bot» ишга туширилмоқда.

Айни пайтда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган ҳамда «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг бизнес лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Мазкур бизнес лойиҳалар доирасида тадбиркорликнинг барча йўналишларида базавий ҳисоблашнинг 150 бараваригача бўлган миқдорда кредитлар ажратиш режалаштирилмоқда.

 

Янгиликлар