Рим Папаси пандемия чекловларига қарамасдан Ироққа ташриф буюриши маълум бўлди
Ироқ ҳукумати мамлакатга Папа келиши учун тайёргарликни давом эттирмоқда. Бу ҳақда Ироқ президенти маслаҳатчиси Исмоил Ал-Хадидининг маълумотига асосланиб, «ТАСС» ахборот агентлиги хабар қилди.
Хабарга кўра, ташриф 2021 йил 5 мартдан 8 мартга қадар давом этиши режалаштирилган бўлиб, унда Рим Папаси Бағдод, Эрбил, Мосул, Ур ва Баҳдига ташрифи кутилмоқда. Папа бир неча бор Ироққа, шу жумладан, маҳаллий насронийларни қўллаб-қувватлаш мақсадида боришни хоҳлаган.
«Ироқда коронавируснинг тарқалиши ва комендантлик соатларининг жорий этилиши Папанинг ташрифи дастурига таъсир қилмайди», — дейди ал-Хадиди.
Ироқ президенти маслаҳатчисининг фикрига кўра, Рим Папасининг Ироққа ташрифи бошланиши билан ҳеч қандай кечикишлар кузатилмайди.
Таъкидланишича, ҳозирда Ироқ яқин Шарқ давлатлари орасида коронавирус билан касалланган ва беморларнинг умумий сони бўйича биринчи ўринни эгалламоқда.
Шунингдек, февраль ойи бошида Ироқ ҳукумати жамоат жойларида маскаларни мажбурий тақиш ва пандемия шароитида ҳар қандай йиғилишни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилган. Мамлакатда барча олий ўқув юртлари, коллеж ва мактабларда кундузги машғулотлар тўхтатилган, барча режалаштирилган имтиҳонлар бекор қилинган.