Наманганда бировнинг номига кредит олган банкир ушланди

Наманган вилоятида бошқа аёлнинг номига 15 миллиондан ортиқ кредит расмийлаштириб, ўз манфаатлари йўлида ишлатиб юборган банк ходими аниқланди.

Билдирилишича, марказга Уйчи туманида яшовчи 50 ёшли аёлдан унинг номига розилигисиз 15 миллион 460 минг сўм кредит расмийлаштирилгани, пуллар эса унинг банк картасига туширилиб, дарҳол бошқасига ўтказиб олингани ҳақида ариза келиб тушган.

Ушбу мурожаат асосида Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди. Натижада ушбу жиноятни Наманган вилояти, Уйчи туманида яшовчи 27 ёшли фуқаро содир этгани аниқланди.

Гумонланувчи банк иш бошқарувчиси лавозимида ишлаши, хизмат ваколатидан фойдаланган ҳолда фуқаронинг шахсий маълумотлари орқали унинг номига кредит расмийлаштиргани маълум бўлган. Шу орқали у осон топилган пулларни ноқонуний ўзлаштириб олган.

«Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, гумонланувчининг фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом этмоқда», дейилади хабарда.

Янгиликлар