Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратилади

Президентнинг 27.03.2021 йилдаги «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Маълум бўлишича, қарорда қуйидагилар тасдиқланди:

  • 2021 йилда Дастурлар доирасида лойиҳаларни молиялаштиришнинг манбалар кесимидаги мақсадли параметрлар;
  • 2021 йилда Дастурлар доирасида лойиҳаларни кредитлашнинг ҳудудлар кесимидаги мақсадли параметрлар.

Қайд этилишича, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизларни даромадли меҳнат билан банд қилишга йўналтирилган дастурларга қуйидагилар киритилган:

  • «Ҳар бир оила − тадбиркор» дастури;
  • Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини, шунингдек хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастурлари;
  • Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури;
  • Бандликка кўмаклашиш дастури.

Таъкидланишича, 1 апрелдан бошлаб:

  • аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредит олиш учун аризалари Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформаси орқали қабул қилинади;
  • кредит олишга талабгорларга «Агробанк» АТБ, АТ «Халк банки» ва «Микрокредитбанк» АТБлар орасидан бирини ихтиёрий танлаб, барча дастурлар доирасида имтиёзли кредит олиш бўйича мурожаат этиш имконияти яратилади;
  • кредит олувчи танлаган маҳсулот етказиб берувчи (иш бажарувчи) ташкилот томонидан маҳсулотлар етказиб берилгандан (ишлар бажарилганидан) сўнг, кредит маблағлари таъминотчига ажратиб берилади;
  • ўзини ўзи банд қиладиган фуқароларга айрим турдаги фаолиятни амалга ошириш (касаначилик, ҳунармандчилик, иссиқхона қуриш ва шу кабилар учун зарурий хом ашё, эҳтиёт қисм ҳамда қурилиш молларини сотиб олиш) мақсадида 5 миллион сўмгача миқдорида кредит маблағлари нақд пулда берилиши мумкин;
  • «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган фуқароларга ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилишини мониторинг қилиш масъулияти тижорат банклари билан бирга мос равишда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда сектор раҳбарлари, шунингдек маҳалла фуқаролар йиғини раислари зиммасига юклатилади.

Шунигдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш учун:

  • Молия вазирлиги 1,3 триллион сўм миқдоридаги маблағни ваколатли банкларнинг устав капиталини оширишга, шу жумладан «Агробанк» АТБга − 700 миллиард сўм, «Микрокредитбанк» АТБга − 400 миллиард сўм ва АТ «Халқ банк»га − 200 миллиард сўм йўналтиради;
  • Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси уч йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга:
  • ваколатли банкларга 1,6 триллион сўмлик кредит ресурслари ажратилишини таъминлайди;
  • АТ «Алоқабанк»ка − асаларичиликни ривожлантириш учун 5 миллион АҚШ доллари эквивалентида ва «Туронбанк» АТБга тадбиркорлик субъектларининг 10 сотихдан кам бўлмаган майдонларда лимончиликни ташкил этиш лойиҳаларини молиялаштириш учун 8 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар ажратилишини таъминлайди.

Янгиликлар