Бош прокуратура Тошкентдаги «Саёҳат» меҳмонхонасидан ўзини улоқтириб, вафот этган эркак тўғрисида маълумот берди. Унда коронавирус аниқланмаган

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги карантин ҳудудига айлантирилган «Саёҳат» меҳмонхонасида коронавирус аниқланган сурхондарёлик эркак тўртинчи қаватдан сакраб, вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг «Tez News»га маълум қилишича, 10 август куни соат 10:33 да Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, Сурхондарё вилояти Денов тумани «И.Исмоилов» маҳалласида яшовчи 1989 йилда туғилган Караев Олимжон Хабибуллоевич ўз жонига қасд қилиб, Мирзо Улуғбек тумани Бий кўчаси 115 уйда жойлашган «Саёҳат» меҳмонхонасининг 4 қават 408 хонасидан ўзини улоқтириб, вафот этган.

Дастлабки терговга қадар текширув ишлари олиб бориш жараёнида О. Караев Россия Қозон шаҳрига ишлаш учун оиласи билан бирга кетганлиги, 4 август куни чартер рейс орқали Тошкентга олиб келиниб, Мирзо Улуғбек тумани Давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси томонидан карантинга олинганлиги аниқланган. Фуқаро «Саёҳат» меҳмонхонаси 408 хонага жойлаштирилган, 7 август куни коронавирусга тест олинган ва тест натижаси манфий чиққан, яъни унда касаллик аниқланмаган.

Шунингдек, О.Караевнинг Сурхондарё вилояти Денов туманида истиқомат қилувчи яқин қариндошлари билан телефон орқали суҳбат қилинганида улар сўнгги пайтларда О.Караевнинг руҳиятида салбий томонга ўзгаришлар сезилганлигини ва ўзини ёмон ҳис қилиб юрганлигини, шу сабабли унинг турмуш ўртоғи ва икки нафар вояга етмаган фарзандлари Россия ҳудудида қолишига қарамасдан, Ўзбекистонга олиб келинганлигини баён қилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилиб, О.Караевнинг руҳий касалликка чалинган ёки чалинмаганлиги ҳолатларига аниқлик киритиш чоралари кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган давлатлардан Ўзбекистонга кириб келаётган фуқароларга ўз хоҳишига кўра 14 кунлик карантин назорати даври ҳақини тўлаган ҳолда меҳмонхонада ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланганди.

Янгиликлар