Япония Россия активлари ҳисобига Украинага $3 млрд ўтказади
Япония ҳукумати Россиянинг музлатилган активларидан тушган фойдадан-фойдаланиб, Киевга яна 3 миллиард доллар ўтказади. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар бермоқда.
Қайд қилинишича, Украина президенти Владимир Зеленский Япония бош вазири Шигеру Ишиба билан телефонда суҳбат қурган ва Япония раҳбари пул ўтказишини маълум қилган.
1 ой олдин Токио G7 мамлакатлари ташаббуси доирасида Украинага худди шундай миқдорни ажратган эди: у Киевга Россия Федерацияси активлари гарови билан умумий қиймати 50 миллиард доллар миқдорида кредит берган.
Зеленский Шигеру билан суҳбатда Япония ҳукумати ва халқига «минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имконини берувчи умумий қиймати 12 миллиард долларлик барча йирик гуманитар ва молиявий ёрдам учун» миннатдорчилик билдирди.
Шунингдек, у Япония бош вазирига 25 декабрга ўтар кечаси Россия қўшинлари томонидан Украина энергетика инфратузилмасини оммавий равишда ўққа тутгани ҳақида гапириб берди.