Бухоро давлат тиббиёт институти мутахассислари томонидан Call-марказ ташкил этилди

Бухоро давлат тиббиёт институти томонидан вилоятда коронавирус билан боғлиқ ижтимоий вазиятни яхшилаш мақсадида институт шифокорлари, профессор ва ўқитувчиларини ўз ичига олган махсус маслаҳат ишчи гуруҳи ташкил этилди.

Маълумотларга кўра, Call-марказ Бухоро нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежи биносида жойлашган. 20 дан ортиқ ихтисослашган мутахассислар 24 соат давомида қўнғироқларга жавоб беради. Шунингдек, Telegram мессенжерида бепул онлайн консультациялар ташкил этилиб, шифокорлар бир вақтнинг ўзида ҳам беморларга амалий хизмат кўрсатиб, ҳам гуруҳ аъзоларининг саволларига жавоб бермоқда.

Мобил алоқа операторлари билан келишилган ҳолда ёрдам ва маслаҳат сўраш мумкин бўлган амалдаги call-марказ ҳақидаги СМС-хабарномалар вилоятда яшовчи барча абонентларга юборилиши ташкил қилинди.

Давлат ва маҳаллий ўзини ўз бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан ўзаро ижтимоий ҳамкорлик самарасида талабалар ётоқхонаси шифохона палаталари даражасида жиҳозланди. Зарур дори-дармонлар билан таъминланди. Ўпкани сунъий шамоллатиш учун 3-CПАП қурилмалар ўрнатилиб, 15 та кислород концентраторлари ва 10 ўринга мўлжалланган реанимация бўлими ташкил қилинди. Малакали мутахассислардан иборат тез ёрдам жамоаси сафарбар қилинди. Шифохона 24 июлдан бугунги кунга қадар 400 дан ортиқ бемор қабул қилинган. Уларнинг 241 нафари соғлиги яхшилангани туфайли амбулатор реабилитацияга юборилди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ҳудудларда коронавирусга чалинган беморларни қабул қилиш ва саралаш марказларини ташкил этиш кераклигини айтгани хабар қилинган эди. Шундан сўнг Навоий шаҳридаги «Ёшлар» спорт мажмуасида 400 ўринли тақсимот пункти иш бошлади.

Янгиликлар