Бухорода салкам 605,4 тонна кўмир захираси мавжудлиги маълум қилинди

Бухоро вилоятидаги кўмир омборларида ҳозирги пайтда қарийб 605,4 тонна кўмир захираси мавжуд бўлиб, аҳоли томонидан шу пайтгача 572,5 тонна кўмир брикети харид қилинган. Бу ҳақда «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти томонидан 2 ноябрь куни Бухорода ташкил этилган инфо-турда маълум қилинди, деб хабар қилди «Tez News» мухбири.

Фото: Тоҳир Истатов

Маълум бўлишича, вилоятнинг узоқ ва чекка ҳудудларида жойлашган Ғиждувон туманидаги Оғитма, Шофиркон туманидаги Чуррук, Пешку туманидаги Жонгелди ва Калота овулларида, Ромитан туманидаги Қизилравот ва Гугуртли қишлоқларида кўмир ярмаркалари ташкил этилаётгани маълум қилиниб, ушбу ҳудуд аҳолиси ўзларига яқин ана шу жойлардан кўмир сотиб олиши мумкинлиги айтилди.

Фото: Тоҳир Истатов

Шу ўринда, 2020 йилги тахминан 5 ойни ташкил этадиган қишги иситиш мавсумида ҳар бир оиланинг кўмирга бўлган эҳтиёжи 1,5—2,0 тонна қаттиқ ёқилғини ташкил қилади. Вилоят ҳудудида 2026 тонна кўмир брикети ишлаб чиқариш учун хом ашё мавжудлиги хабар қилинди.

Маълумот ўрнида, масъуллар томонидан кўмир нархлари «БР» маркали “Ангрен” кўмири (1 тонна) — 300 300 сўм; кўмир брикетлари (1 тонна) — 412 500 сўм; импорт қилинган кўмир (1 тонна) — 780 000 сўм миқдорида эканлиги маълум қилинди.

Шунингдек, брикетлаш учун хом ашё Ангрендан Бухоро вилоятига етказиб берилиб, кўмир аралашмалари Қоракўл, Олот, Когон, Вобкент ва Жондор туманларидаги беш жойда ўрнатилган агрегатларда ишлаб чиқарилади. Ҳар бир агрегат кунига 30 тонна брикетланган кўмир ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, Жондор туманидаги брикет цехи эса кунига 150 тонна кўмир брикети ишлаб чиқаради.

Аввалроқ Бухоро вилоятига 2020 йил қишги мавсум учун 40 010 тонна кўмир кераклиги маълум қилингани ва Қашқадарёда кўмир омборларига келтирилаётган қаттиқ ёқилғининг ярми кўмир кукуни экани маълум бўлгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар