Тошкентда автобус йўлакларига делиниаторлар ўрнатилмоқда

Пойтахтнинг 30 дан ортиқ кўчасида «А» тоифасидаги йўлакларни ташкил этиш режалаштирилмоқда, ушбу ҳудудларда босқичма-босқич делиниаторлар ва бошқа элементлар ҳам қўлланилади

Тошкентда автобуслар ҳаракати учун «А» тоифасидаги алоҳида йўлаклар босқичма-босқич жорий этилмоқда. Бу ҳақда пойтахт Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабар беради.

Хусусан, Magic City ҳудудидаги Фурқат кўчасидан Халқлар дўстлиги саройи атрофидаги Ислом Каримов кўчасигача бўлган йўл қисмида «А» йўлаги учун махсус йўл чизиқлари чизилган. Шунингдек, ушбу йўлакни умумий транспорт оқимидан ажратишга хизмат қилувчи делиниаторлар — жисмоний ажратувчи элементлар ўрнатилмоқда.

Бу пойтахт учун муҳим янгилик ҳисобланади. Эндиликда жамоат транспортига берилаётган устуворлик фақат йўл чизиғи билан эмас, балки йўлакни янада кўринадиган, тушунарли ва интизомга чорловчи қўшимча элементлар билан ҳам мустаҳкамланмоқда, — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, делиниаторлар алоҳида йўлак самарадорлигини янада кучайтиради, улар бегона автомобилларнинг автобус йўлагига кириб кетиш эҳтимолини камайтиради, тартибсиз қайта сафланишларнинг олдини олади ва ҳайдовчиларга жамоат транспорти устуворлиги қаердан бошланишини олдиндан аниқ кўрсатади.

Жумладан, жорий йил давомида Тошкентнинг 30 дан ортиқ кўчасида «А» тоифасидаги алоҳида йўлакларни ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу йўналишларда делиниаторлар ва жамоат транспорти самарадорлигини оширишга қаратилган бошқа элементлар ҳам босқичма-босқич қўлланади.

 

Ўзбекистон