Давлат солиқ қўмитаси меҳнат мигрантлари учун солиқ жорий қилинаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди

Ижтимоий тармоқларда чет элда ишловчи мигрантлар солиққа тортилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Давлат солиқ қўмитаси ушбу масала юзасидан муносабат билдирди.

«Президентимизнинг ПҚ-4829-сонли қарорига мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётганлар ўзини ўзи банд қилган шахсларга тенглаштирилгани сабабли, интернет тармоқларида меҳнат муҳожирлари учун солиқ жорий этилаётганлиги тўғрисида нотўғри маълумотлар тарқалмоқда.

Солиқ кодексининг 369-моддасига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар ўзига пенсия ҳисобланиши ва иш стажига эга бўлиши учун Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин, бу 2020 йил учун энг камида БҲМнинг 50 фоизи миқдорида белгиланган, ҳозирги вақтда 111 500 сўмни ташкил этади», — дейилади Давлат солиқ қўмитаси баёнотида.

Шу билан бирга, агар чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар Ўзбекистонда пенсия ва иш стажига эҳтиёж сезмаса, Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўлашнинг ҳожати йўқлиги қайд этилган.

Янгиликлар